Паркентда туризм ва хавфсизлик масалалари ўрганилди
Тошкент вилояти прокурори А. Мирзаев Паркент туманида “Кўклам туризми” мавсумини самарали ташкил этиш, туристик ҳудудларда хавфсизликни таъминлаш, инфратузилмани ривожлантириш ҳамда сайёҳларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Айни пайтда туманда 107 та жойлаштириш воситаси ва 7 та туристик компания фаолият юритмоқда. Туризм мавсумида сайёҳлар оқими кўпаядиган “Қизилтоғ”, “Сўқоқ” ва “Бўстон” ҳудудларида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, транспорт ҳаракатини тартибга солиш ҳамда сайёҳлар учун қулай шароит яратиш бўйича зарур чоралар кўрилган.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида мазкур ҳудудларда транспорт ҳаракати тартибга солиниб, жамоат хавфсизлиги кучайтирилган. Жорий мавсум давомида ушбу туристик масканларда жиноятчиликнинг олдини олишга эришилган.

Ўрганишлар давомида яна 5 та туристик ҳудудда инфратузилмани такомиллаштириш, ободонлаштириш ишларини жадаллаштириш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш ҳамда сайёҳларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш юзасидан масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, тақдимотда “Кўклам туризми” рақамли платформасининг имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.
Мазкур платформа орқали сайёҳларга дам олиш масканлари, туристик маршрутлар, ҳудудларда ўтказилаётган тадбирлар ҳамда мавсумий хизматлар ҳақида тезкор ва қулай маълумот бериш кўзда тутилган. Шунингдек, туристлар оқимини самарали бошқариш, тирбандликларнинг олдини олиш, туристик ҳудудларда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлашда рақамли имкониятлардан фойдаланиш имконияти яратилади.
Белгиланган чора-тадбирларнинг изчил амалга оширилиши Паркент туманининг туристик салоҳиятини янада юксалтириш, сайёҳлар учун хавфсиз ва қулай муҳит яратиш, хизматлар кўламини кенгайтириш ҳамда туризм соҳасини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
А.Мусаев,ЎзА