Паркентда ижодкорлар уйи очилди
Тошкент вилоятида Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига туҳфа сифатида қуриб битказилган “Паркент ижод уйи”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур ижод масканининг очилиш маросимини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш мақсадида журналистлар учун пресс-тур ҳам ташкил этилди.
Тадбирда давлат ва жамоатчилик идоралари вакиллари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Тошкент вилоят ҳокимлиги, “Ўзавтосаноат” АЖ, таниқли ижодкорлар, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 декабрь куни Тошкент шаҳрида барпо этилган Адиблар хиёбонига ва Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетига ташрифи давомида берган топшириқларида, шунингдек,2018 йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида Тошкент вилоятида “Паркент ижод уйи”ни қуриб фойдаланишга топшириш вазифаси берилган эди.
Ушбу муҳташам иншоот “Ўзавтосаноат” АЖ томонидан қуриб битказилди.
Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саидов, уюшманинг Тошкент вилоти бўлими раҳбари Маҳмуд Тоир ва бошқалар бугунги Янги Ўзбекистондаги адабий ислоҳотлар ҳақида гапирди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда барча соҳалар қатори миллий адабиётимизни ривожлантириш ва жамиятда китобхонлик маданиятини юксалтиришга ҳам жуда катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада сўнгги йилларда катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилгани, ижодкорлар учун зарур шарт-шароитлар ва имкониятлар яратилаётгани, соҳада йиллар давомида тўпланиб қолган долзарб муаммоларнинг қисқа фурсатларда ҳал этилаётгани бунинг яққол далил экани таъкидланди.
Илгари ижодкорларнинг дам олишлари ва ижод қилишлари учун фақатгина “Дўрмон” ижод уйи мавжуд эди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2019 йили Жиззах вилоятининг Зомин туманида барча қулайликларга эга бўлган замонавий ижод уйи қуриб битказилди. Бу ерда ижодкорларимиз дам олиб, саломатлигини тиклаб, янги асарлар яратиши учун барча шароит яратиб берилди. Ўтган вақт мобайнида 157 нафар уюшма аъзоси мазкур санаторияда имтиёзли нархларда дам олиши ташкил этилди.
Шунингдек, янгидан бунёд этилган “Паркент ижод уйи"нинг мустақиллигимизнинг 30 йиллиги байрами олдидан фойдаланишга топширилаётгани адабиёт аҳли учун катта шодиёна бўлди. Бино замонавий андозалар асосида қурилган бўлиб, 152 ўринга мўлжалланган, 32 хонадан иборатдир. 2 гектар ер майдонида жойлашган иншоот очиқ ва ёпиқ сув ҳавзасига, кутубхона, ошхона, чойхона ҳамда 150 ўринли амфитеатрига эга.
Пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари “Паркент ижод уйи” билан тўлиқ танишди, ўзларини қизиқтирган саволларига жавол олишди. У ерда яратилган шарт-шароитларга гувоҳ бўлишди.
Оромгоҳ ҳовлисида янги чоп этилган китоблар кўргазма-савдоси ташкил этилди. Тадбир давомида "Буюк ўзбек йўли" публицистик тўплами, "Орзулар хиёбони" ҳикоялар тўплами, "Келажакка бошлайди ишонч" шеърий тўплами ҳамда Туркияда профессор Муневвер Текжан томонидан нашрга тайёрланган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Фидокорона хизматлари учун" ордени соҳиби Зокиржон Машрабов ҳақида "Бобур изида ўтган бир умр" китобининг тақдимот маросими ҳам бўлиб ўтди.
Эл ардоғидаги санъаткорларнинг бадиий чиқишлари, шоирларнинг Ватанни улуғловчи шеърлари тадбирга завқ бағишлади.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳитов, Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев иштирок этди.
Д. Маматова, ЎзА