Паркент — Тошкент йўналишида янги шаҳарлараро электропоезд қатнови йўлга қўйилди
Паркент — Тошкент — Паркент йўналишида замонавий шаҳарлараро электропоезд қатнови йўлга қўйилди.
Янги темир йўл қатнови Паркент тумани аҳолиси учун пойтахт билан қулай ва тезкор транспорт алоқасини таъминлаш баробарида, ҳудуднинг туристик салоҳиятини оширишга ҳам хизмат қилади. Лойиҳа доирасида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ мутахассислари томонидан Тошкент вилоятидаги “Байтқўрғон — Паркент” темир йўл линиясини қуриш ишлари 2025 йил январь ойида бошланган эди.
Умумий узунлиги 24 километр бўлган электрлаштирилган темир йўл линияси билан бир қаторда 3 та темир-бетон кўприк, 1 та автомобиль йўл ўтказгичи, 76 та сув ўтказиш иншооти ҳамда 16 та автомобиль ва темир йўл кесишмаси барпо этилди. Шунингдек, 50 ўринга мўлжалланган янги “Паркент” темир йўл бекати қурилди. Йўловчиларга хизмат кўрсатадиган электропоезд 586 та ўринга эга бўлиб, унда бир вақтнинг ўзида 1154 нафаргача йўловчи ташилиши мумкин. Қатнов учун йўл ҳақи катталарга 10 минг сўмгача, 10 ёшгача бўлган болалар учун эса 6,5 минг сўм этиб белгиланган. Паркентдан Тошкентгача бўлган йўлни босиб ўтиш вақти эса атиги 50 дақиқани ташкил этади.
Янги қатнов, аввало, Паркент тумани аҳолисининг пойтахтга бориб-келиш имкониятларини янада қулайлаштиради. Шу билан бирга, транспорт инфратузилмасининг ривожланиши ҳудуд иқтисодиёти ва туризм соҳаси учун ҳам янги имкониятларни очади.
Паркент табиати, тоғли ҳудудлари ва сўлим дам олиш масканлари билан сайёҳлар учун жозибадор ҳудудлардан бири ҳисобланади. Янги электрлаштирилган темир йўл линиясининг ишга туширилиши эса бу имкониятлардан фойдаланишни янада осонлаштиради. Хусусан, пойтахт аҳолиси ва хорижий меҳмонлар учун Паркентга бориш вақти қисқаради, саёҳат қилиш имконияти кенгаяди. Бу эса ҳудудда меҳмонхона, умумий овқатланиш, хизмат кўрсатиш ва туристик хизматлар соҳасининг ривожланишига туртки бериши мумкин. Транспорт алоқаларининг яхшиланиши натижасида сайёҳлар оқимининг ортиши маҳаллий аҳоли учун янги иш ўринлари яратилишига, тадбиркорлик фаолиятининг кенгайишига ва ҳудуд иқтисодий салоҳиятининг юксалишига хизмат қилади.
Шу маънода, “Байтқўрғон — Паркент” электрлаштирилган темир йўл линиясининг ишга туширилиши нафақат транспорт соҳасидаги муҳим инфратузилма лойиҳаси, балки Паркентни янги туристик йўналиш сифатида ривожлантириш учун ҳам муҳим қадамдир.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА