«Париж-2024» — бугун футболчиларимиз майдонга тушади
Аввал хабар берганимиздек, «Париж-2024» Олимпия ўйинларида бугун, 24 июль куни эркаклар ўртасидаги футбол баҳсларига старт берилса, 25 июль кунидан аёллар орасидаги беллашувлар бошланади.
Албатта, биз учун аҳамиятлиси эркаклар ўртасидаги футбол учрашувларидир. Ушбу Олимпиаданинг футбол мусобақасида 16 давлат терма жамоалари 4 гуруҳга бўлинган ҳолда турнир ғолиблиги учун кураш олиб боради. Гуруҳ босқичидан 1-2 ўринларни эгаллаган терма жамоалар чорак финал босқичига йўл олади.
Гуруҳ баҳслари 24-30 июль кунлари бўлиб ўтса, чорак финал босқичи 2 август куни ташкил этилади. Ярим финал учрашувлари 5 август куни ўтказилади. Бронза медаль учун ўтадиган ўйин 8 август, финал баҳси эса 9 августда ўтиши белгиланган.
Тимур Кападзе бошчилигидаги Ўзбекистон олимпия терма жамоаси гуруҳ босқичининг илк турида Испания термасига қарши илк учрашувда майдонга тушади. Тошкент вақти билан 18:00 да бошланадиган ўйин Париж шаҳридаги «Парк де Пренс» стадионида бўлиб ўтади. Терма жамоамиз бугунги баҳсни оқ либосда ўтказади. Учрашувни эса африкалик ҳакамлар бригадаси бошқариб боради. Бош ҳакам — Беида Даҳане (Мавритания), унга қанотларда Жерсон Сантос (Ангола) ва Стефан Йиембе (Кения) ёрдам беради. 4-расмий ҳакам вазифаси Дрюв Фисчерга (Канада) топширилган. Лаҳло Бенбраҳам (Жазоир) эса ВАР'да фаолият олиб боради.

Шунингдек, соат 18:00 да «В» гуруҳида Аргентина – Марокаш олимпиячилари баҳси бошланади.Соат 20:00 да «С» гуруҳидаги Миср – Доминикан Республикаси, «А» гуруҳидаги Гвения – Янги Зеландия учрашуви старт олади. Орадан икки соат ўтиб, вақтда «В» гуруҳидаги Ироқ ва Украина, «Д» гуруҳидаги Япония ҳамда Парагвай қарама қаршилигига гувоҳ бўламиз. Тошкент вақти билан 24 июль кунида 25 июль кунига ўтар кечаси, аниқроғи, соат 00:00 да «А» гуруҳидаги Франция – АҚШ, «Д» Мали – Исроил олимпия терма жамоалари ўртасидаги ўйин бошланади.
Албатта, бизнинг халқимиз ҳар бир иш аввалида, олдиндан яхши ниятлар ила режа тузади. Биз ҳам ушбу анъанага содиқ қолиб, катта умид билан, футболчиларимизнинг гуруҳ босқичидан чиқишларига ишонган ҳолда, уларнинг чорак финалда қайси мамлакат терма жамоаларига қарши ўйин ўтказишлари ҳақида қисқача маълумот беришни лозим топдик.
Агарда Тимур Кападзе шогирдлари гуруҳдан биринчи ўринни эгалласа, «Д» гуруҳидаги иккинчи ўриндан жой олган терма жамоа билан рақобатлашади. Аксинча бўлса, айнан «Д» гуруҳи ғолиби билан куч синашади. Ўзингизга маълумки, «Д» гуруҳида – Япония, Парагвай, Мали, Исроил олимпия терма жамоалари жой олган.
Ҳа, футболимиз тарихида янги саҳифа очган олимпия терма жамоамиз ўз олдига улкан мақсадлар қўйган ва ушбу мақсад рўёбини катта ҳаяжон билан кузатамиз.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА