Пандемия чипта нархларига таъсир кўрсатмайдими?
2020 йилда кенг тарқалган “COVID-19” коронавирус пандемияси бутун дунё аҳлига жиддий хавф туғдириб, миллионлаб инсонларнинг умрига зомин бўлди.
Пандемия туфайли юртимизда ҳам Республика махсус комиссиясининг қарори асосида карантин эълон қилиниб, маълум муддат кўплаб корхоналар фаолияти, транспорт ҳаракатлари, айниқса, маҳаллий ва халқаро йўналишларга қатнайдиган авиа, темир йўл ҳамда автомобиль қатновлари бутунлай тўхтатилди. Мана шундай хавфли эпидемия даврида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти Россия давлатида қолиб кетган фуқароларимизни юртимизга олиб келиш учун барча чора-тадбирларни кўрди. Махсус поездлар ташкил қилиб, Россия давлатидан минглаб юртдошларимиз Ўзбекистонга олиб келинди.
Жамиятда пандемия туфайли юзага келган инқироз оқибатларини бартараф қилиш, ишчи ходимларга ойлик маошларини мунтазам равишда бериб бориш борасида қандай ишлар амалга ошиилрди?
Бу ҳақда “Oʻztemiryoʻlyoʻlovchi”АЖ нинг стратегик ривожлантириш ва бизнесни ривожлантириш бўлими бошлиғи Жаҳонгир ДАВЛЕТОВдан интервью олдик.
– Инқирозга қарши чора-тадбирлар доирасида давлат бюджетидан 54 миллиард сўм кўмак берилди, – дейди Ж.Давлетов. –Ушбу маблағ олти ой карантин пайтида мавжуд техникаларни соз ҳолатда сақлаш ва тизимдаги қарийб олти минг нафар ходимни ишдан бўшатмасдан ушлаб туришда ҳам қўл келди. Бундан ташқари, темир йўл вокзалларини, барча вагонлар ҳамда бино ва иншоотларни дезинфекция қилишга, шунингдек, ҳимоя ниқоблари, антисептик воситалари харид қилишга йўналтирилди.
2020 йил август ойидан бошлаб маҳаллий йўналишларда босқичма-босқич поездлар қатнови йўлга қўйилди.
– Билишимизча, халқаро йўналишларда ҳали қатновлар бошланмади. Лекин ўша поездларда фаолият олиб борган вагон кузатувчилари қандай қилиб иш билан таъминланди?
– “Oʻztemiryoʻlyoʻlovchi”АЖ томонидан бунга алоҳида эътибор қаратилди. Карантин талаблари юмшатилгандан сўнг, ички туризмни ривожлантириш, маҳаллий йўналишларда поездлар қатновини янада кўпайтириш, шу орқали қўшимча даромад топиб, ишчи ходимларни иш, ойлик маош билан таъминлаш борасида самарали ишлар олиб борилди. Жумладан, Андижон – Термез, Андижон – Нукус, Андижон – Хива, Андижон – Бухоро, Хива – Термез каби 10 га яқин йўналишларда поездлар қатнови йўлга қўйилди. Яқинда Тошкент – Наманган – Андижон йўналишида поездлар қатнови бошланди. Бу эса йўловчиларга транспорт хизматлари кўрсатиш кўламини ошириш билан бир қаторда, халқаро йўналишлардаги поездларда фаолият олиб борган 800 нафардан зиёд вагон кузатувчиларининг барчасини иш билан таъминлаш имконини ҳам берди.
– Нархларнинг ошиши ҳақидаги хабарлар доим турли фикрлар ва миш-мишларга сабаб бўлиши ҳеч кимга сир эмас. Бундай маълумотлар баъзида тасдиқланади, баъзида эса йўқ. Пандемия даврида сарф- харажатлар ортгани аниқ. Бу чипта нархларига таъсир қилмадими?
– Хабарингиз бор пандемия даврида жамиятимизнинг фаолияти анча сустлашиб қолди. Ойлаб поездлар қатнови тўхтаб қолди. Кейин юртдошларимизни карантин ҳудудидан манзилларига етказиб қўйиш учун махсус поездлар қатнови ташкил қилинди. Россия ва бошқа давлатлардан юртдошларимизни олиб келишда ҳам фаол иштирок этдик. Бунда бир тарафга билет сотилди ва харажатлар ошиб кетди. Шунга қарамасдан карантин талаблари юмшатилгандан сўнг ҳам чипта нархлари ўзгартирилмади.
Ўтган икки йилни олиб қарайдиган бўлсак, 2019 йилда 131385 нафар йўловчига имтиёзли чипталар сотилди. 2020 йилда эса пандемиядан олдин ҳамда карантин талаблари юмшатилиб, поездлар қатнови йўлга қўйилганидан сўнг 57 минг 669 нафар йўловчига имтиёзли чипта сотилди. Бу ҳам харажатларнинг бирмунча ортишига омил бўлди.
Шу боис, пандемия пайтидаги инқирозларни бартараф қилиш, ишчи ходимларни мунтазам равишда иш билан таъминлаш мақсадида айрим харажатлари қопланмаётган, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига зарари тегмайдиган йўналишларда чипталар нархини қайта кўриб чиқиш ишлари олиб борилмоқда.
Сайёра Шоева, ЎзА