Пахта – неъмат, уни увол қилсак, ношукрлик бўлмайдими?
Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида: “Тўрт дарё – Сайҳун (Сирдарё), Жайҳун (Амударё), Нил, Фурот – жаннат дарёларидан”, деганлар. Имом Муслим ривояти
Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида: “Тўрт дарё – Сайҳун (Сирдарё), Жайҳун (Амударё), Нил, Фурот – жаннат дарёларидан”, деганлар. Имом Муслим ривояти
Ер куррасида тўртта уммон, кўплаб денгиз ва дарёлар бўлса-да, сайёрамизнинг тўртдан уч қисми сув билан қопланган эса-да, шулардан фақат тўртта дарёнигина Пайғамбаримиз “жаннат дарёларидан” дедилар.
Эътибор берсак, тўрт дарёдан иккитаси Сирдарё ва Амударё. Демак, юртимиз “жаннатмонанд” дейилгани баландпарвоз сўзлар эмас, айнан ҳақиқатдир. Бу эса Аллоҳ таоло айнан бизнинг юртимизга раҳмат назари билан боққанининг яққол белгиси, далили, исботидир. Осмондаги Ой ва Қуёш бутун инсониятга маълум ва машҳур бўлгани каби, Ўзбекистоннинг жаннатмонандлиги ҳаммага аёндир.
Аллоҳ таоло табаррук заминимизни инсоннинг ақли ожизлик қиладиган кўплаб неъматлар билан неъматлантириб қўйган. Бу неъматларни нафақат инсон зоти, балки замонавий компьютер ҳам санаб адоғига ета олмайди.
Бундай беҳисоб ва бебаҳо, азиз ва буюк, мислсиз ва беқиёс, тенги йўқ моддий ва маънавий неъматлар ичида пахта алоҳида аҳамият касб этади. Пахта энг фойдали ўсимлик. Пахтага инсон туғилганидан то умрининг охиригача, ҳатто вафот этганида ҳам муҳтож бўлади.
Интернет ва энциклопедик маълумотларга кўра, фан тилида “Gossypium” деб номланадиган “пахта”нинг ер юзида 39 дан ортиқ тури мавжуд экан. Шулардан олтитасигина сайёрамизнинг олтита минтақасида ўсади, холос.
Жаҳон миқёсида етиштирилаётган пахтанинг 65 фоизини 5 та давлат ҳиссасига тўғри келади. Булар – Хитой (4 миллион тонна), АҚШ (4 миллион тонна), Ҳиндистон (2,5 миллион тонна), Покистон (1,5 миллион тонна) ва Ўзбекистон (1,2 миллион тонна). Жаҳон пахтасининг қолган 35 фоизи 70 та давлат етиштирилади.
Статистика маълумотларга кўра, пахтадан бугунги кунда инсон ҳаётида зарур бўладиган юздан зиёд турли хил навдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Бу маҳсулотларга одам боласини муҳтожлиги эса онасидан туғилишидан аввалроқ бошланиб, вафот этганидан кейинги давр мобайнида бўлар экан! Қандай улуғ ва беқиёс, ҳақиқатан мўъжизавий (!) неъматни Аллоҳ таоло бизнинг диёримизга раво кўрган!
“Бирни кўриб шукр қил, бирни кўриб фикр” деганларидай, ён-атрофимизга, Сурия, Ироқ каби давлатларда бўлаётган кескин вазиятларга қараб фикр қилайлик! Юртимиздаги тинчликка, тинч ухлаб, эсон-омон уйғонаётганимизга шукр қилайлик!
Ношукрлик ва исрофгарчилик эса Худога хуш келмаслиги ҳар бир ақли расо одамга маълум!
Ўзбекистонни мағрибдан машриққача айланиб чиқсангиз ҳам, давлатимизни у чеккасидан бу чеккасигача кезиб чиқсангиз ҳам, мамлакатимизни барча шаҳар-қишлоқларини кўриб чиқсангиз ҳам бир нарсага гувоҳ бўласиз – ҳар бир вилоят, ҳар бир туман, ҳар бир шаҳар, ҳар бир қишлоқ, ҳар бир маҳалла, ҳар бир кўчада янгиланиш, чиройли ўзгариш, катта қурилишлар бўлаётганини кўрасиз! Бундай ислоҳотлардан юртимизни бирор жойи ҳам четда қолмаган!
Оқ-қорани танийдиган, фойда-зарарни биладиган, ўнг-чапни пайқайдиган, оғир-енгилни ҳис қиладиган, савоб-гуноҳни ажрата оладиган, катта-кичикни фарқига етиб борадиган, паст-баландни тушунадиган, яхши-ёмонни мазмунини англайдиган, узоқ-яқинни моҳиятига етиб борадиган ҳар бир ақл-заковатли инсон биладики, Ўзбекистонда бўлаётган бундай улуғвор ишлар ўз-ўзидан бўлмайди! Қисқа давр ичида асрларга тенг, савоби чексиз-чегарасиз бўладиган бунчалик даражадаги улкан ва буюк ишларни амалга ошириш учун кўп нарсалар ичида моддий таъминот ҳам бўлиши даркор.
Ушбу ниҳоятда масъулиятли, машаққатли ва шарафли, оғир ва савобли, сермаҳсул ва олижаноб иш бўлмиш – халқимизни ризқи, дастурхонимизни кўрки, давлатимизни бойлиги, юртимизни хирмони бўлган Аллоҳ таолонинг мўъжизавий неъмати бўлган “пахта”ни йиғим-теримида жамиятимизнинг барча аъзолари биргаликда, ҳаммамиз ҳам бир тан-бир жон бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз зарур. Зеро “Кўп бирикса, тоғ қулар”, “Тўпдан чиқсанг хам, кўпдан чиқма”, “Кўпдан айрилган озар, кўпга қўшилган ўзар”, “Кўпнинг ҳақи етимнинг ҳақидан ёмон”, “Кўпчилик бир муштдан урса, ўлдирар, бир бурдадан берса, тўйдирар” деб доно халқимиз бекордан-бекор, бежиз айтмаган.
Энди ҳар биримиз ўз-ўзимизга: “Ўзим яшаб турган юртимни тинчлиги учун, она-Ватанимни равнақи учун, аждодларим ётган муқаддас заминим учун, киндик қоним тўкилган диёрим учун, азиз бўлган эл-халқим учун, фарзандим мендан ҳам бахтлироқ бўлиши учун, боламни келажаги учун мен нима иш қилдим?” – деб савол берайлик.
Доно халқимиз ўзининг пурҳикматли мақолларида “Бекор ўтиргандан бекор ишла!”, “Бекорчидан Худо безор!” деб айтишларида ҳам жуда кўп маънолар бор. Зеро, бу улуғ ҳикматлар элнинг эллик минг элагидан ўтказилиб, кейин муомалага қўйилган.
Илоҳо ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Меҳрибон Парвардигоримиз буюрган, жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизни руҳлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!
Муҳтарам азизлар! Тинч юртимизда, мусаффо осмонимиз остида яшаётган жаннатмонанд диёримиз бойлиги учун, Худонинг назари тушган муқаддас Ватанимиз равнақи ва халқимизни фаровонлигига, турмушимиз ободлиги ва кўпчиликнинг ризқи учун, элимиз маъмурлиги, хирмонимизга ўз ҳиссамизни қўшайлик!
Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари