Падел спорти оммалашиб бормоқда
Сўнгги йилларда дунёда тез суръатлар билан оммалашиб бораётган падел спортига юртимизда ҳам қизиқиш ортиб бормоқда. Мамлакатимизда ушбу спорт турини ривожлантириш, оммалаштириш ва аҳоли, айниқса, хотин-қизларни жисмоний фаолликка жалб этиш борасида қатор ташаббуслар амалга оширилмоқда.
Падел 1969 йилда мексикалик Энрике Коркуэра томонидан яратилган бўлиб, теннисга яқин спорт тури ҳисобланади. У махсус ўлчамдаги кортда жуфтликлар ўртасида ўйналади ва ўзига хос қоидалари билан ажралиб туради. Бугунги кунда мазкур спорт тури дунёнинг кўплаб мамлакатларида кенг оммалашган.
[gallery-30918]
Куни кеча пойтахтдаги «Юнусобод» спорт мажмуаси ҳудудида «Padel Square» жамоаси ташаббуси билан ҳаваскор аёллар ўртасида падел бўйича мусобақа ташкил этилди.
Қизиқарли ва муросасиз кечган баҳслар якунига кўра Мубина Йўлдошева биринчи ўринни эгаллади. Арофат Абдукаримова иккинчи, Янна Хан эса учинчи ўринга сазовор бўлди.
Мусобақа ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
Тадбир хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, спортга қизиқишни ошириш ҳамда уларнинг мазмунли дам олишини ташкил этишга хизмат қилди.
Муҳаммад АМИН(сурат),ЎзА