“Ўзстандарт” агентлигининг корхонабай иш услуби қандай самара бермоқда?
“Ўзстандарт” агентлиги Сурхондарё вилоятидаги ҳудудий бўлимлари ҳамкорлигида журналистлар учун воҳада корхонабай иш жараёнига бағишланган пресс-тур ташкил этди.
Тадбир доирасида соҳа мутахассислари иштирокчиларни корхоналарда амалга оширилаётган ишлар, ишлаб чиқариш ҳажми ва сифатини ошириб, рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлаш, хусусий секторнинг тайёр маҳсулот ва миллий брендларини жаҳон бозорига олиб чиқишга кўмаклашиш борасидаги ишлар билан яқиндан таништирди.

Журналистлар экспортёр корхоналар фаолияти ва ўзаро ҳамкорлик натижаларини кўздан кечирди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари Термиз туманидаги “Gold Dried Fruits” масъулияти чекланган жамиятида бўлганида корхона раҳбари Камолиддин Имомов иштирокчиларни турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қуритиш, шок асосида музлатиш, янги маҳсулотларни саралаб, қадоқлаш жараёнлари билан яқиндан таништирди.
– Агентликнинг вилоятдаги ҳудудий бўлимлари билан ўзаро ҳамкорлик асосида ишлашимиз корхонамиз самарадорлигини оширмоқда, – дейди К.Имомов.
– Янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга кўмаклашаётир. Маҳсулотимизга хориждан буюртмалар кўпайиб бормоқда. Масалан, тайёр маҳсулотларимиз асосан Россия ва Германияга экспорт қилинади. Ўтган йили хорижга 2 миллион 400 минг доллар қийматидаги маҳсулотни жўнатган бўлсак, жорий йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 1 миллион 5 минг тоннага етди. Шунингдек, янги йилдан сабзини қуритиб, майдалашни ҳам ўзлаштириб олдик.
Замонавий хориж технологияси билан жиҳозланган корхонада 40 нафар доимий ва 260-300 нафар мавсумий ишчи меҳнат қилади. Улар корхонанинг бепул транспорт, тиббий хизматларидан фойдаланади. Ишчилар бепул иссиқ овқат билан таъминланган. Цехларда табиий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари таъми ва калорияси сақлаб қолинган ҳолда қуритилади. Сараланиб, қадоқланади. Шок асосида музлатилади. Помидор, бодринг, гулкарам, кўкатлар ва брокколи каби сервитамин озиқ-овқат маҳсулотлари хорижга экспорт қилинади.
Пресс тур якунида “Ўзстандарт” агентлигининг Ўзбекистон миллий метрология институти малакали метрологлари томонидан турли ускуна ва воситалари қиёслашдан ўтказилди.

– Айни пайтда воҳадаги 311 экспортёр корхонага хизмат кўрсатамиз, – дейди “Ўзстандарт” агентлиги ҳузуридаги техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш департаменти Сурхондарё вилояти бўйича бош мутахассиси Ғайрат Каримов.
– Уларни соҳага оид янги қонунчилик ва хорижий давлатлар талаб ҳамда эҳтиёжлари билан таништириб борамиз. Экспорт кўламини кенгайтиришга йўл очиб берамиз. Халқаро стандартларни жорий этишга ёрдамлашамиз. Бу ҳамкорлик корхоналарнинг экспорт географиясини кенгайтиришда муҳим ўрин тутмоқда.
Термиз шаҳридаги “Сурхон ипаги” масъулияти чекланган жамиятида корхонабай ишлаш тизимининг самаралари ҳам журналистларда бой тасаввур уйғотди. Улар бу ерда ипакни қайта ишлашдан тортиб, ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнлар билан танишди.
Бу ерда масъулияти чекланган жамият бош директори Акмал Абдуллаевнинг айтишича, агентлик билан ўзаро ҳамкорлик ютуқлар омили бўлиб хизмат қилмоқда. Хусусан, корхона 2017 йил 1 миллион доллар қийматидаги маҳсулотни хорижга жўнатган бўлса, ўтган йили 6,5 миллион долларлик тайёр маҳсулот экспорт қилинди. Бунинг учун корхоналар босқичма-босқич замонавий ускуналар билан жиҳозланиб, маҳсулотни қайта ишлаш ҳажми ошмоқда. Халқаро стандартларга мос дунё бозорида талабгор сифатли маҳсулот тайёрлаш кўлами кенгайиб бораётир. Агентлик мутахассислари корхонага келтирилаётган технологиялар ва ўлчов воситаларини метрологик кўрикдан ўтказиб, тегишли сетификат билан бермоқда.
Маълумотларга кўра, агентлик мутахассислари корхоналарда масса, ҳажм, электр, босим, геометрик ва ҳарорат йўналишларидаги ускуна ва воситаларни метрологик кўрикдан ўтказиш баробарида уларнинг маҳсулотлар ҳажми ва сифатини оширишга қаратилган таклиф, тавсиялари билан ҳам товар ишлаб чиқарувчиларга яқиндан кўмаклашмоқда.
Пресс-тур журналистлар учун таассуротларга бой бўлди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА