Озон қатламини ҳимоя қилишнинг илмий асослари муҳокама қилинди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ҳамда Гидрометеорология хизмати агентлиги ҳамкорлигида Халқаро озон қатламини ҳимоя қилиш куни муносабати билан “Глобал иқлим ўзгариши шароитида озон қатламини ҳимоя қилишнинг илмий-ҳуқуқий ечимлари мавзусида семинар ўтказилди.
Тадбирда мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик муаммоларни бартараф этиш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани айтиб ўтилди.
Аввало, соҳага оид муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий асослар такомиллаштирилгани, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунлар билан табиий муҳит шароитларини сақлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий асослари белгилаб берилгани таъкидланди.
Маълумки, Озон қатламини муҳофаза қилиш тўғрисидаги Вена конвенцияси, Озон қатламини емирувчи моддалар бўйича Монреаль протоколи озон қатламини асраш ва унга эътибор қаратишда муҳим халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ҳисобланади. Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси 1993 йилдан бошлаб ушбу Конвенция ва Протоколнинг тўла ҳуқуқли томони бўлиб, унинг талабларига изчил риоя этиб келмоқда.
Соҳа мутахассислари мамлакатимизда ҳозирги кунга қадар озон қатламини емирувчи моддаларнинг аксарияти муомаладан чиқарилганини таъкидладилар. Қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар натижасида озонни бузувчи моддалар ҳамда таркибида улар бўлган маҳсулотларнинг Ўзбекистон Республикасига импортини тартибга солиш механизми жорий этилган, 2018-2030 йилларга мўлжалланган импорт меъёрлари белгиланган. Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга озон қатламига зарарли таъсир кўрсатишнинг олдини олишга доир талабларни бузганлик учун жавобгарлик белгиловчи норма киритилган.
Тадбир давомида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш масалалари муҳокама қилиниб, экологик барқарорликни таъминлаш, яшил технологияларни жорий этиш бўйича фикрлар, таклифлар ва тавсиялар билдирилди.
М.Комилова, ЎзА