Озод юртнинг боқий байрами (+видео)
Нафосат фаслининг ҳусункор дамларида уйғонаётган табиатга боқиб, бугунги нурафшон кунларга, ҳаётнинг бебаҳо неъматларига соғ-саломат етганимиз, юртимиз осойишталигию, осмонимиз мусаффолиги учун Яратганга шукроналар айтамиз.
Дарҳақиқат, бу йилги табиат Наврўз байрамига янгича тароват ва жозиба бахш этмоқда. Барчамиз доимо орзиқиб кутадиган ва катта хурсандчилик, шодиёна билан ўтказадиган Наврўз байрами биз учун ҳаёт абадийлиги, табиатнинг устувор қудрати ва чексиз саховатининг, кўп минг йиллик миллий қиёфамиз, олийжаноб урф-одатларимизнинг бетакрор ифодаси бўлиб келмоқда.
Кўҳна оламнинг қайта яшариши ва янгиланишининг бетакрор тимсоли бўлган Наврўзи олам бугун юртимизнинг барча нуқталарида ўзгача кўтаринкилик кайфияти билан нишонланмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/qWyOeWuiZoE" title="Озод юртнинг боқий байрами" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Тоғлар билан елкадош, булутлар билан бўйлашган, ўзининг бетакрор табиатига эга Жиззахнинг “Бешовул” қишлоғи аҳли ҳам Наврўз шукуҳидан қувончларини яширмайди.
Шивалаб ўтган ёмғирдан сўнг тупроқнинг аллақандай ёқимли бўйи тандирдан янги узилган нон ҳидига қўшилиб табиатга ўзгача ифор таратади. Қишлоқ аёли кулча нонларини шўх-шодон болажонларга узатади. Дил яйрайди. Кўриб кўзинг қувонади.
Ҳақрост, Наврўз айёми азалдан шарқ халқларида янгиланиш, яшариш байрами, янги йилнинг бошланиши дея эътироф этиб келинган. Шарқ тафаккури гулшанининг ёрқин юлдузларидан бири ҳазрат Aлишер Навоий таъкидлаганидек:
“Ҳар тунинг қадр ўлубон,
Ҳар кунинг ўлсун Наврўз!”
Ўткир Aлимов тайёрлади, ЎзА