Озод юрт фермери эканимдан фахрланаман
Шу кунларда халқимиз энг улуғ, энг азиз айём – мустақиллигимизнинг йигирма уч йиллик байрамини катта шодиёна билан нишонлаш тараддудини кўрмоқда.
Шу кунларда халқимиз энг улуғ, энг азиз айём – мустақиллигимизнинг йигирма уч йиллик байрамини катта шодиёна билан нишонлаш тараддудини кўрмоқда. Ўтган йиллар давомида катта ва оғир синовларни бошидан кечирган халқимиз истиқлолнинг нақадар азиз неъмат эканини, уни кўз қорачиғидек асраш зарурлигини тобора чуқурроқ ҳис этмоқда.Мустақиллик йилларида давлатимиз раҳбари Ислом Каримовнинг ташаббуси ва раҳнамолигида фермерлик ҳаракатига кенг йўл очилгани, фермерларни қишлоқда ҳақиқий етакчи кучга айлантириш борасида кўрсатилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик туфайли ер ўз эгасини топди, деҳқон ўз меҳнатининг роҳатини кўриш имкониятига эга бўлди. Бугунги фермер нафақат ўзи, оиласи, балки қишлоқдошларининг, бутун мамлакатимизнинг фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Улар томонидан ишга туширилаётган корхона ва цехларда ёшлар иш билан таъминланаётир.
Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги қарорини ўқир эканман, қалбимда ўзгача ғурур ва ифтихор жўш урди. Ўзимга ўзим савол бераман: бундан йигирма уч йил олдин ким эдинг-у, бугун ким бўлдинг? Жонажон Ватанимизнинг бугунги жамолини ўтмишига қиёслаб бўлмагани каби бу саволга ҳам бир жумла билан жавоб бериш мушкул. Мамлакатимиз иқтисодиёти жадал ривожланиб, халқимиз турмуш фаровонлиги, орзу-ўйлари юксалди. Дунёқараши, онгу тафаккури, теварак-атрофга, меҳнатга, ҳаётга муносабати тубдан ўзгарди. Энди у ўзининг қадрини яхши билади, қандай буюк зотларнинг авлоди экани, ҳеч кимдан кам бўлмагани ва кам бўлмаслигини тўла англайди, деган ҳаётий ҳақиқат кўнглимдан ўтади. Аслида ҳам шундай-да!
Фермерлик ҳаракати бошланган дастлабки йилларда унинг келажагига шубҳа қилган, айни пайтда бу ишни осон даромад топиш манбаи, деб енгил-елпи қараган, бошқача айтганда, соҳага адашиб кириб қолганлар ҳам бўлди. Чунки фермернинг иши, бир қарашда, осон кўринади: хўжалик раҳбари ўзи, илгаригидек ҳар куни кимгадир ҳисоб бериш, режа ортидан қувиш йўқ. Атрофида яқин одамлари ишлайди. Хуллас, ер олиб экин экасан-у, ҳосилни йиғиштириб олаверасан.
Аслида бу тинимсиз машаққатли меҳнат, катта тажриба ва сабр-тоқат талаб қиладиган, одамларнинг ризқ-насибаси, керак бўлса, тақдири билан боғлиқ улкан масъулият эканини ҳамма ҳам бирданига англаб етмади, албатта. Давлатимиз раҳбарининг доимий эътибори ва қўллаб-қувватлаши билан фермерлик ҳаракати тобора ривож топиб борди, бугунги даражасига эришди. Йиллар тажрибаси юқори ҳосил олиш, ерни яшнатиш, гуллатишга ишбилармон фермергина қодирлигини кўрсатди. Энг муҳими, фермерларга қаратилаётган алоҳида эътибор, яратилаётган имтиёз ва преференциялар самарасида одамларимиз эски тузумдан қолган боқимандалик кайфиятидан халос бўлди.
Фермерлик фаолиятимизни 1997 йили 20 гектарли мелиоратив ҳолати оғир ерда бошлаганмиз. Ўтган йиллар давомида катта тажриба тўпладик. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида хўжалигимиз ҳудудидаги 3,3 километрлик зовур ва ёпиқ дренажлар тозаланди. Ернинг балл бонитети 38 дан 48 га кўтарилиб, пахта ҳосилдорлиги гектарига 15 центнер, ғалланики 20 центнерга ошди.
Жорий йилда 90 гектар майдонда етиштирилган ғалладан 343 тоннадан зиёд дон топширдик. 200 тоннага яқин дон хўжалигимизнинг ўзида қолди. Айни пайтда 40 гектар майдонда ғўзанинг “Порлоқ-2” нави парваришланмоқда. Ғўза ривожи баравж. Гектарига 40 центнердан ҳосил кўтаришни режалаштирганмиз.
Маҳсулот етиштириш ҳажми ортгани сайин даромадимиз ҳам ошиб бормоқда. Шунинг ҳисобидан замонавий техникалар сотиб олдик. Сўнгги уч йилда 5 трактор, 2 экиш агрегати, 4 юк машинаси харид қилдик. 70 бош қорамол, 350 бош қўй ва эчки боқилмоқда, бу ўз навбатида, қўшимча 18 иш ўрни яратиш имконини берди.
Собиқ тузум даврида минглаб гектар ерга пахта эккан хўжалик раҳбари бирор жойга ўз ихтиёри билан бир дона ғишт қўйишга ҳам ҳақли эмас эди. Бугунги фермер ўз даромадига ўзи эга. Уни ўзи тасарруф қилади, ўз оиласи, қолаверса, хўжалик аъзоларининг фаровонлиги, юртимизнинг ободлиги йўлида сарфлайди.
Қишлоғимиз тумандаги обод масканлардан бири. Президентимиз ташаббуси ва раҳнамолигида барпо этилган замонавий уй-жойлар, коллеж ва мактаб биноси, ҚВП, болалар спорт майдончаси, турли хизмат кўрсатиш шохобчалари уни мўъжазгина шаҳарчага айлантирган. Кўриб кўзинг қувнайди, ҳаётдан завқланасан. Мана шунинг ўзи улкан бахт.
Болалигимдан синчков, кузатувчан инсонман. Ҳар куни далага отланар эканман, атрофга қараб, нафақат мен ёки оилам, балки бутун қишлоғимиз, ҳамқишлоқларимнинг ҳаёти ўзгариб кетганини кўраман. Деярли ҳар бир оилада янги уй-жой, замонавий енгил автомашина бор. Буларнинг бари мустақиллигимиз шарофати, Президентимиз юритаётган оқилона сиёсат самараси эканига такрор-такрор иқрор бўламан. Шу кунларга етказганига шукроналар келтираман. Ўз меҳнатим, жамоат ишидаги фаолиятим билан мамлакатимиз тараққиётига, элимизнинг фаровонлигига, оз бўлса-да, ҳисса қўшаётган фермер эканимдан фахрланаман.
Анорбой Эшматов,
Ўзбекистон Қаҳрамони, Жиззах вилояти
Пахтакор туманидаги “Анвар-А”
фермер хўжалиги раҳбари, вилоят
фермерлар кенгаши раиси.