Озод ҳаёт саодати ёхуд кўнгил тубидаги жавоҳир
Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!
Дунёда шундай бир буюк сўз борки, у инсон юрагида илоҳий нур каби доимо ёлқинланиб порлайди, танга қувват, руҳга роҳат, умрга фароғат бағишлайди. Бу Ватан сўзидир. Она битта, Ватан битта бўлади, бу тушунча ҳеч қачон ўзгармайди, ҳеч қачон эскирмайди. Нон доим табаррук бўлганидек, бу сўзлар ҳар қанча айтилса ҳам хеч қачон қиймати камаймайди.
Бугун Истиқлол ўзининг нурли ва жозибали манзараларини ҳаётимизнинг барча жабҳаларида намоён этаётганлигини кўряпмиз. Бугун юртдошларимиз дунё қадар саодатни, эзгуликни бир-бирларига раво кўриб яшамокдалар. Бугун Ўзбекистон бўйлаб бир улуғвор, бир табаррук сўз фахр, ғурур, шукроналик билан тилга олинмоқда. Бу Мустақиллик калимасидир.

Ҳурлик истаб не-не жадидлар отилди, олис ўлкаларда аёзда жон берди... Эҳхе... шу эрк ва озодлик учун азиз умрини фидо этган озми?! Ниҳоят, адолат тикланди, боболар дуоси ижобат бўлди, Истиклол гули очилди, энг улуғ орзу ушалди. Муболағасиз, Ўзбекистон дунё харитасида олмос гавҳаридек порлаб турувчи бўстондир.
Байрамни муносиб қаршилаш мақсадида Қашқа воҳасининг олис Деҳқонобод ҳудудида, она қишлоғим “Оқиртма”да бўлдим. Деҳқонобод... Беҳиштдан узилган бир парча, тоғлар билан елкадош, булутга бўйлашган, чавондози донгдор, бахшиси номдор буюк маъво. Бу заминда ҳар фаслнинг ҳузурбахш нафаси ғунчадек ифор таратади.

Субҳи содик лаззати, шу оний лаҳзада зийрак тортган заррин шуъла осмон-у фалакни ёриштириб, дилни мунаввар этади. Сўнгра, олтин ранг сочини патила-патила тараб – товланиб, қуёш жамолини кўрсатади.
Қир-адир от уюми дупури, қўй-қўзи маъраши, қўйчибоннинг “қурей-қурей” садосига тўлади. Ана, ўтовдан чалинаётган дўмбиранинг юракка яқин садоси қулоққа элас-элас эшитиляпти.
Оҳанрабодек ўзига тортаётган “Чўпон чертиш”ни яқинроқдан эшитиш учун ўтов томон юраман.

– Ассалому алайкум! Келинг, бўла, – дейди қабариқ қўлини узатиб Нортожи чўпон.
Салом-аликдан кейин ичкари кирамиз. Тўрда Қодир бахшининг зурриёди Баҳром бахши бўғиқ овозда “Алпомиш”ни куйлаяпти. Қишлоқнинг бошқа оқинлари терма айтиш учун навбат кутиб турибди. Тингловчилар кўзи жиққа ёш.
Дўмбира гумбурлайди. Беихтиёр оҳангга маст бўласиз. Ана Алпомиш Қултой чол қиёфасида Бойсун-Қўнғирот элини оралаяпти. Саҳар-саҳар уйғотган, тол бешикка суянган энажонини йўқлаб турибди.
“Қани, давоми нима бўлар экан?” – дея, нафасингизни қайтармай кутиб қоласиз. Дўмбира яна гумбурлайди.

…Бегим ўлса – бекчам бор,
Журтим эгасиз бўлмайди.
Норим ўлса – норчам бор,
Жуким жерда қолмайди.
Алпомиш қайтди элга,
Душман кўнглинг кулмайди…
Достон, термаларни эшитгач, қалбда минг севинч билан озод ҳаёт саодатини сураётган қишлоқ чўпонига юзланаман. У билан ўзимча суҳбат қургандай бўламан.

– Йил баракали келди, яйловда ўт мўл бўлди, сурувдан тўл зўр тушди, – дейди хуш кайфият билан оқиртмалик Ҳасан Рўзиев. – Худога шукур, ўлкамизда ҳар куни байрам, осмонимиз мусаффо, юртимиз тинч.
Ҳа, борига шукур қилиб яшаётган танти эл одамларининг қалби ҳам ўзи каби беғубор, содда. Бинобарин, кўнглида Ватанга муҳаббат ҳисси собит инсон борки ўз макони, Она-тупроғини улуғлайди. Қалбдаги шу илиқ туйғу мудом намоён бўлаверади. Илло, тараққиёт сари илдамлаётган юртимнинг бугуни гўзал, эртаси ҳам обод бўлгай. Жаннатмонанд Мустақил Ўзбекистонимизга асло кўз тегмасин!
Ўткир АЛИМОВ,
ЎзА