“Ўзмиллийбанк” АЖ: “Яшил макон” лойиҳасида доимо фаолмиз
Инсоният тамаддунининг барча босқичларида сайёрамиз табиий бойликлари, ҳайвонот ва наботот олами инсон ҳаётий фаолияти учун зарур эҳтиёж манбаи бўлиб келган. Техника ва технология, саноат юқори даражада ривожланган ХХI асрда экология, биохилма-хилликни асраш, табиатни муҳофаза қилиш билан боғлиқ масалалар давримизнинг энг муҳим мавзуларидан бирига айланди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, яқин 50 йилда сайёрамизда миллионлаб йиллар давомида шаклланган биологик хилма-хиллик қарийб 50 фоизга камайиши ва бу аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин. Табиатнинг ноёб флора ҳамда фаунасини муҳофазалаш, бундай ҳудудларни кенгайтириш мақсадида мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, “Ўзмиллийбанк” АЖ ҳам пойтахтимиз Тошкент шаҳри ва республикамизнинг бошқа ҳудудларида мазкур лойиҳа ҳамда экологик хатарлар олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар доирасида фаол иштирок этмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 11 март 42-сонли йиғилиши баёнига асосан “Ўзмиллийбанк” АЖ га бириктирилган Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Чахчам” қишлоғи ҳудудидаги 33 гектар тоғ ва тоғолди майдонда барпо этиладиган “Яшил боғлар” бўйича лойиҳа смета ҳужжатлари тайёрланди.
Ҳудуднинг ўзига хослиги, тупроқ унумдорлиги ва иқлим шароитлари инобатга олиниб, мутахассислар тавсияси асосида ушбу белгиланган майдон учун бодом кўчатлари танланди. У қурғоқчиликка жуда чидамли, жой танламайди, сувсиз, тошлоқ ва тоғнинг унумсиз ёнбағирларида ҳам яхши ўсади. Ёруғсевар, турли иқлимга мослашувчан бодом дарахтининг бўйи баланд, шох-шаббаси пирамида шаклида ёки тарвақайлаган бўлади, илдиз тизими бақувват, 6 метр чуқурликкача тарқалиб ўсади. Бодом дарахтлари одатда 6-8 метргача бўлади. Айрим ҳолларда дарахтининг баландлиги 12 метргача бўлиши мумкин. Ҳозирги кунда Бўстонлиқ туманидаги 33 гектар тоғ ва тоғолди майдонда 12 мингга яқин бодом кўчатлари экилди.

Банк ходимлари мазкур жараёнда уюшқоқлик билан иштирок этиб, яшил табиатни асраб-авайлашда муносиб улушларини қўшди. Айтиш жоиз, мазкур ҳаракат доирасида ҳудудга нафақат кўчат экиш, шунингдек, уларни парвариш қилишда ҳам банк ходимларининг ташаббуси кузатилмоқда. Сабаби очиқ табиатда кўчат экиш, жисмоний меҳнат қилиш ходимларга ҳам масъулият, ҳам завқ бағишлади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳудудда мавсум охиригача 16 минг 500 дона бодом кўчатлари экилиши режалаштирилган.

“Ўзмиллийбанк” АЖ
Матбуот хизмати