“Ўзмиллийбанк” АЖ: мижоз манфаати – устувор
Айни дамда мамлакатимизда банклараро рақобат шароитида аҳолига замонавий банк хизматларини кўрсатиш “Ўзмиллийбанк” АЖ ривожининг муҳим жиҳатига айланмоқда.
Бу борада банк молия бозорининг энг жадал ривожланаётган сегменти, яъни чакана хизматлари сифати ва кўламини ошириш мақсадида мижозларга тезкор ва қулай хизмат турларини таклиф этиб келмоқда.
Жумладан, инновацион хизмат турларидан фойдаланган ҳолда ўз-ўзига хизмат кўрсатишни янада оммалаштириш мақсадида республиканинг барча ҳудудларида 24/7 тизимида фаолият юритувчи “Автоматлаштирилган тўлов марказ”лари жорий этилиб, уларда жами 484 та миллий валюта, 35 дона автоматлаштирилган ўз-ўзига хизмат кўрсатувчи банкоматлар ўрнатилган.
Бугунги кунда пластик карточка жуда қулай тўлов воситасига айланди. Ривожланган инфратузилма ёрдамида карточка эгалари ундан савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларида бемалол фойдалана олишади. Пластик карточка билан боғлиқ бизнес юқори технологияларга асослангани билан ажралиб туради. Шу ўринда “Ўзмиллийбанк” АЖда нақд пулсиз ҳисоб-китобларни кенгайтириш ва пластик карточкалар эмиссиясини кўпайтириш борасида қатор амалий чоралар кўрилиши натижасида жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, банк томонидан муомалага чиқарилган пластик карточкалар умумий сони 2 миллион 802 минг 269 минг донани ташкил этди. Бугунги кунда мижозларга “Humo” ва “UzCard” тўлов тизимлари пластик карточкалари ҳамда “MasterCard“ ва “Visa” халқаро тўлов карталари таклиф этилмоқда.
Шунингдек, банк томонидан мини-банклар, жамғарма кассалари, савдо ва аҳолига пуллик хизмат кўрсатувчи ташкилотларга 39 минг 944 минг донага яқин тўлов терминаллари ўрнатилганлигини таъкидлаб ўтиш жоиз. Шу билан бирга банк томонидан жами 18 минг 490 дона “Humo” миллий тўлов тизимига мансуб тўлов терминаллари ўрнатилган. Банк томонидан 238 дан ортиқ автоматлаштирилган ўз-ўзига хизмат кўрсатувчи киоскалар жойлаштирилгани эса мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини кўрсатмоқда.
“Ўзмиллийбанк” АЖ мамлакатимиз фуқаролари даромадларини янада кўпайтириш учун шароит яратиш мақсадида ҳам миллий, ҳам хорижий валютадаги кўплаб омонат турларини таклиф этади. Муҳими, бунда мижоз манфаати устувор ҳисобланади.
Бугунги кунда банкда жозибадор шартларда миллий валютадаги йиллик 23 фоизгача ҳамда хорижий валютадаги 5 фоизгача бўлган муддатли, жамғарма ва онлайн омонатлар амал қилмоқда. 2022 йил 1 апрель ҳолатига кўра, жисмоний шахсларнинг омонат жамғарма ва муддатли ҳисоб рақамлари бўйича қолдиқ жисмоний шахслар депозитлари умумий ҳажмининг 57 фоизни ташкил этди. Бу омонатларнинг йил бошига нисбатан 108 фоиз ўсишини ташкил этди. Шу жумладан миллий валюта омонатлари 111 фоизга кўпайди.
Ҳозирги кунда масофадан хизмат кўрсатиш хизматлари борган сари оммалашиб боряпти. Эндиликда маблағларни бошқаришни 24/7 режимида смартфон ёки планшет ёрдамида амалга оширса бўлади. Бу эса мижозларга ўзига қулай вақт ва жойда туриб, хизмат учун тўлов ўтказиш имконини бераяпти.
“Ўзмиллийбанк” АЖ нинг “Milliy” мобил иловаси орқали коммунал ва бюджет тўловларини амалга ошириш, онлайн тарзда пул маблағларини муддатли омонатларга ўтказиш, онлайн конверсия амалиётларини амалга ошириш каби хизматларни амалга ошириш мумкин.
Йил бошидан мобиль илова орқали банк мижозларига 41 миллион 18 минг АҚШ доллари сотилди ва 798 миллиард сўм пул маблағлари миллий валютадаги омонатларга жойлаштирилди.
Шунингдек, “Ўзмиллийбанк” АЖ мижозларга қулайлик яратиш, банк хизматларини автоматлаштириш ҳамда масофавий банк хизматлари қамровини кенгайтириш мақсадида амалга оширилган ишлар натижасида “Интернет-банкинг”, “SMS-банкинг” ҳамда “Мобил-банкинг” тизимлари фойдаланувчилари сони бир неча баробарга ошиб бормоқда.
Чакана хизматларнинг яна бир муҳим йўналиши бу пул ўтказмаларидир. “Ўзмиллийбанк” АЖ ўзмижозларига “Western Union”, “Money Gram”, “CONTACT”, “Золотая Корона”, “Asia Express” ҳамда “Юнистрим” халқаро пул ўтказмалари тизимларини таклиф этмоқда.
Қайд этиш лозимки, бугунги кунда пул ўтказмасини нақд ёки нақдсиз кўринишда, миллий ёки хорижий валютада ҳам жўнатиш мумкин. Бир сўз билан айтганда, мижозлар эҳтиёжларига мос хизматлар кўламини кенгайтириб бориш “Ўзмиллийбанк” АЖнинг чакана хизматлари ривожланишининг асосий мезонига айланган.
“Ўзмиллийбанк” АЖ Учтепа тумани филиалида банк ходимлари учун ташкил этилган ўқув семинарида ана шулар ҳақида сўз юритилди. Ўтган даврда амалга оширилган ишлар ҳамда келгуси режалар ҳақида батафсил тушунтирилди. Эришилган ютуқлар, танланган йўналишлар ҳақида маълумот берилди.
– Бу каби ўқув семинарлари ҳар чоракда ташкил этилади, – дейди “Ўзмиллийбанк” АЖ Чакана бизнес департаменти Чакана маҳсулотларни сотиш бошқарма бошлиғи Жавлон Назаров. – Банкимиз ходимлари қилинган ишлар ва келгуси режалар билан яқиндан танишиб бориши, келгусидаги ёндашувларни қай ҳолатда бўлишини билишлари лозим.
Семинар иштирокчилари маърузачилардан ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.
Моҳигул Қосимова,
Аълохон Абдуллаев(сурат), ЎзА