“Ўзметкомбинат” Хитойнинг илғор металлургия тажрибасини ўрганмоқда
Саноат корхоналарида ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва замонавий технологияларни жорий этиш бугунги кунда муҳим вазифалардан бирига айланмоқда. Бу борада илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва уни маҳаллий ишлаб чиқариш шароитига мослаштириш муҳим аҳамият касб этади.
Шу мақсадда "Ўзметкомбинат" АЖ делегацияси Хитой Халқ Республикасида хизмат сафарида бўлиб, “Sichuan Derun Hangda Steel Co., Ltd.” компаниясининг фаолиятини ўрганди.
Ташриф чоғида делегация аъзолари корхонанинг ишлаб чиқариш жараёнлари, замонавий технологиялари ва ишлаб чиқаришни ташкил этиш тажрибаси билан яқиндан танишди.
Хусусан, металлургия соҳасида қўлланилаётган замонавий ечимлар, ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш, энергия самарадорлигини ошириш ҳамда технологик жараёнларни оптималлаштириш масалалари ўрганилди.
Шунингдек, икки корхона мутахассислари ўртасида фикр ва тажриба алмашинуви ўтказилиб, Хитой корхонасида самарали қўлланилаётган технологияларни "Ўзметкомбинат" АЖ ишлаб чиқариш жараёнларига татбиқ этиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Мазкур ташриф хорижий тажрибани ўрганиш билан бир қаторда, комбинат мутахассисларининг малакасини ошириш, ишлаб чиқариш жараёнларига замонавий ёндашувларни жорий этиш ва технологик самарадорликни янада оширишга ҳам қаратилди.
Жамият ахборот хизматига кўра, бундай ҳамкорлик ва тажриба алмашинуви металлургия тармоғида инновацион ечимларни кенг жорий этиш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва ишлаб чиқаришни замонавий талаблар асосида ривожлантириш учун муҳим аҳамият эга.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА