“Ўзметкомбинат” Хитой орқали янги бозор ва логистика йўлакларини очмоқчи
“Ўзметкомбинат” АЖ бошқаруви раиси Баҳодир Абдуллаев бошчилигидаги делегация Хитойнинг “Jiangsu SOHO Holdings Group” компанияси раҳбари Дин Хай билан учрашди.
Унда томонлар экспорт ҳажмини кўпайтириш билан бирга, маҳсулотларни янги бозорларга етказиб беришда логистика имкониятларидан самарали фойдаланиш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболларини кўриб чиқди.
Таъкидланишича, “Jiangsu SOHO Holdings Group” бу йўналишда “Ўзметкомбинат” учун муҳим ҳамкорга айланиши мумкин. Чунки холдинг бугунги кунда дунёнинг 160 дан ортиқ мамлакат ва ҳудуди билан савдо-иқтисодий алоқаларни йўлга қўйган.
Холдингга қарашли компаниялар Цзянсу провинцияси орқали ўтувчи Хитой-Европа ва Хитой-Осиё юк поездлари ҳаракатини мувофиқлаштиришда иштирок этади. Мавжуд тармоқ 26 та халқаро темир йўл йўналиши орқали Евросиёнинг 26 мамлакатидаги қарийб 80 та халқаро станцияни боғлайди.

Ушбу транспорт имкониятлари “Ўзметкомбинат” маҳсулотларини янги йўналишлар бўйича экспорт қилиш, етказиб бериш географиясини кенгайтириш ва логистика маршрутларини диверсификациялаш учун қўшимча имконият яратади.
Жамият ахборот хизматининг маълум қилишича, “Jiangsu SOHO Holdings Group” компания таркибида қарийб 400 та корхона фаолият юритади. Холдингнинг 2025 йилдаги импорт ва экспорт операциялари ҳажми 12,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этган.
Ушбу музокаралар якунида томонлар муҳокама қилинган масалалар юзасидан кейинги вазифаларни белгилаб олди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА