O’zLiDeP: номзодлар сайловчилар ҳузурида
Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари сайловига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.
2024 йилги сайловларга “Ваъда эмас натижа, эртага эмас бугун” шиори остида 500 муҳим устувор вазифани ўз олдига қўйган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси Наманган вилоятида тарғибот ишларига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Жумладан, Норин туманидаги маданият марказида, “27-Наманган” сайлов округидан парламент қуйи палатаси депутатлигига номзоди кўрсатилган Марказий банк Наманган вилояти бош бошқармаси бошлиғи Маъруфжон Раҳмоновнинг сайловчилар билан учрашуви ташкил этилди. O’zLiDeP Наманган вилояти кенгаши мутасаддилари, халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгашларига номзодлар иштирокидаги учрашув, аввалида, Олий Мажлис депутатлигига номзод Маъруфжон Раҳмонов ўз сайловолди дастури билан учрашув иштирокчиларини таништирди.

– Партиямиз ўз сайловолди дастурида “Эркин ва фаровон, қудратли янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!” шиори остида барқарор иқтисодий ўсиш орқали ҳар бир инсон, оила ва жамият фаровонлигига эришишни асосий мақсадлардан бири сифатида белгилагани барчага маъқул келмоқда, – дейди Маъруфжон Раҳмонов. – Қолаверса, ҳар бир туманда камида мингта иш ўрни яратадиган иккитадан янги саноат зоналарини ташкил қилиш, ахборот коммуникация технологиялари хизматлари экспорти 5 миллиард долларга олиб чиқилиши кўзлангани ҳам юртимизнинг барқарор иқтисодий тараққиётига хизмат қилиши муқаррар эканлиги O‘zLiDeP дастурида акс этган. Бу табиийки, бизга хайрихоҳ сайловчиларнинг эътирофига сазовор бўлмоқда.

O‘zLiDeP Наманган вилояти кенгаши томонидан Янгиқўрғон туманидаги маданият марказида “26-Наманган” сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод – Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби доценти Дилмурод Ортиқов иштирокида сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашувида маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар ҳамда партия фаоллари, янгиқўрғонлик сайловчилар ҳозир бўлди.
– Сайлов жараёнларида сайловчиларнинг аҳамияти катталигини ҳаммамиз яхши биламиз. Ватанимиз келажаги, унинг фаровонлиги, янада тараққий этиши, сайловчиларнинг фаоллиги, сиёсий жиҳатдан етуклиги жорий йилнинг 27 октябрда бўлиб ўтадиган сайловларда фуқароларнинг ўз тақдири, орзу ва истаклари рўёбга чиқиши учун овоз беришида намоён бўлади, – дейди Дилмурод Ортиқов. – Шу жумладан, O‘zLiDeP ушбу сайловларда “Менинг танловим – обод ватаним” шиори остида қатнашаётганида ҳам улкан маъно ва мазмун мужассам. Партиямиз дастурининг эътиборга молик жиҳатларидан бири, унда иқтисодиётда давлат иштирокини кескин қисқартириш, давлат мулкини хусусийлаштириш орқали хусусий сектор улушини ошириш, монопол соҳаларни бозор тамойилларига ўтказиш каби таклифлар ўрин олган. Партиямиз давлат органлари мансабдор шахсларининг тадбиркорлик фаолиятига аралашувини бекор қилиш учун барча зарур чораларни кўришга, ишбилармонларнинг ишига ҳар қандай ноқонуний усулда аралашганлик учун давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлигини кучайтиришга ваъда бераётганлиги таҳсинга сазовор.
Учрашувлар давомида музокара учун сўзга чиққан сайловчилар Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси дастурига қизиқиш билдириб, бўлажак сайловларда O‘zLiDeP ва ушбу партиядан кўрсатилган номзодларни қўллаб-қувватлашларини билдиришди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.