ЎзЛиДеП: бухоролик талаба-ёшлар билан учрашув
Бухоро давлат университетида ЎзЛиДеП раҳбарияти ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодларнинг ушбу олий ўқув юрти профессор-ўқитувчилари ва талаба- ёшлари билан учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққанлар депутатликка номзодлар ЎзЛиДеП бу йилги сайловларга “Ваъда эмас натижа, эртага эмас бугун” эзгу шиори остида “5 мақсад – 500 вазифани” ўз ичига олган Сайловолди дастури билан қизғин тайёргарлик олиб бораётганини таъкидлади.
Эътиборлиси, ёшларни ҳунар ва замонавий касбларга, хорижий тилларга ўқитиш, маънавиятни, маърифатни юксалтириш, китобхонликни ошириш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда “IT” соҳаси ва спортга кенг жалб этиш борасида пухта ишланган режаларини амалга ошириш, ишбилармонликни фаол қўллаб-қувватлаш, хусусан, ишсиз ёшларни замонавий касбларга ўқитиш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш сингари долзарб масалалар ЎзЛиДеП Сайловолди дастурининг асосини ташкил этади.
[gallery-19531]
Ёшларни касб-ҳунарга тайёрлаш амалиётининг айнан корхоналар буюртмаси асосида жорий этилиши ҳам Сайловолди дастурда ўз ифодасини топган. Шунингдек, мамлакатимизнинг ҳар бир вилоятида камида 100 гектар майдонда “Ёшлар ижтимоий-иқтисодий маркази”ни ташкил этиш ҳам партия зиммасидаги муҳим вазифа бўлиб ҳисобланади. Бундан ташқари ёш авлодни тадбиркорликка жалб қилиш учун жойлардаги микромолиялаш хизматларини кенгайтириш ва тегишли асбоб-ускуналардан кенг фойдаланиш учун зарур имкониятларни яратишга ҳам партия ўз диққат эътиборини қаратган.
Номзодлар шулар ҳақида сўз юритар эканлар, бухоролик ёшлар ҳам бу имкониятлардан келгусида унумли фойдаланишлари мумкинлигини, ЎзЛиДеПнинг Сайловолди дастурида акс эттирилган устувор вазифалар ижроси мустақил ҳаёт остонасида турган йигит-қизлар учун ҳам ҳақиқий дастуриламал бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
– Партия сайловолди дастурида олий таълим муассасаларида илмий тадқиқотлар натижадорлигини ошириш ва илмий салоҳиятни 70 фоизга етказиш, илм-фанга йўналтирилган маблағларни ялпи ички маҳсулотдаги улушини 2030 йилгача 10 баробар оширишга эришиш ҳақидаги лойиҳаларнинг ишлаб чиқилиши айни муддао бўлди, – дейди БухДУ проректори Рустам Жумаев. – Чиндан ҳам, илмга қаратилган эътибор юрт тараққиётига хизмат қилади. Шу жиҳатдан партиянинг Ўзбекистон келажагини ўйлаб қабул қилган бу дастури минглаб илм ва маърифат аҳли меҳнатини юзага чиқаришда муҳим аҳамият касб этади.
Ёшлар билан ўтказилган мулоқотда сўз олган партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Ҳайитов учрашув иштирокчиларини сайловлар кунида ЎзЛиДеП ва унинг номзодлари учун якдиллик билан овоз беришга чақирди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.