Озиқ-овқат саноати кўргазмаси (+видео)
Пойтахтимизда 19-Халқаро “UzProdExpo” кўргазмаси фаолиятини бошлади. Ҳар йили озиқ-овқат тармоғи учун компонентлар ишлаб чиқаришдан тортиб, тайёр маҳсулотларни сақлаш ва сотишгача бўлган барча ечимларни комплекс тақдим этиш бўйича ўтказилаётган намойишлар “Ўзэкспомарказ” павильонларида ташкил этилди. Бу орқали аграр соҳа ходимлари ва тадбиркорлар учун тармоқдаги ютуқлар, инновациялар, жаҳон бозорларига маҳсулотларни сифатли қадоқлаб, экспорт қилиш, фойдали шартномалар тузиш имкони яратилди.
Бу йилги кўргазмада қандолат, озиқ-овқат маҳсулотлари, қуритилган мевалар, кам алкоголли ва алкоголсиз ичимликлар, балиқ, икра маҳсулотлари, ингридиентлар намойиш этилмоқда. Шунингдек, ташриф буюрувчилар тармоқ мутахассислари билан мулоқотга киришлари, қайта ишлаш саноатидаги ускунлар билан яқиндан танишлари мумкин бўлади.
“UzProdExpo” кўргазмаси доирасида табиий шарбатлар, пюре, болалар овқатлари, томат пастаси, саноат чангюткичлари, совутиш тизимлари ишлаб чиқариш учун комплекс линиялар ҳам намойиш қилинмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/1SpnsaWKN50" title="Oziq-ovqat sanoati ko`rgazmasi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Шунингдек, бир жойнинг ўзида иштирокчилар 7-Халқаро “InterPackExpo-2024” кўргазмаси доирасида қадоқлаш ускуналари ва материаллари, пластмассадан тайёрланган буюмлар, полиамид ва тиббий қобиқлар каби маҳсулотлар билан ҳам яқин танишишлари мумкин.
Мазкур тадбирларнинг долзарблиги иқтисодиётнинг ривожланиши ва замонавий қадоқлаш материаллари талаб қиладиган, экспортга йўналтирилган маҳсулот ишлаб чиқаришнинг ўсиши билан боғлиқ. Экспозицияларда Россия Федерциясининг йирик минтақалари томонидан тақдим этилган хизматлар, маҳсулотлар, ускуналар, Хитой ва Корея Республикасининг нуфузли ишлаб чиқарувчиларининг стендларига қизиқиш юқори бўлди. Айтиш керакки кўргазмада аксарият компаниялар илк бора иштирок этмоқда.
Ушбу кенг кўламли тадбирлар ташриф буюрувчиларга янги ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш, сотиб олиш ёки ўз маҳсулотларини таклиф қилиш, янги брендлар, технологиялар ва замонавий тенденциялар билан танишиш имконини беради.
Кўргазмалар 22 ноябрга қадар давом этади.
Санжар Тошпўлатов, Аброр Содиқов, Анвар Аҳмедов (видео), ЎзА