“Ўзбекнефтгаз” АЖ: тизимли ишлар самараси
Ястаниб ётган чўл. Қайси томонга боқманг адоғи йўқ кенгликлар, мусаввир шамол чизган бежирим қум барханлари. Чўл кимсасиздек кўринсада, лекин унинг бағрида ҳаёт қайнайди. Унинг ости эса бебаҳо бойликларга тўла.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ташаббуси билан Қашқадарё вилоятига уюштирилган навбатдаги пресс-турда иштирок этарканмиз, махсус машиналарда чўл бағрида жойлашган конларга бориш учун барханлар оралаб юрамиз.
Табиий газ бебаҳо неъмат. Кундалик турмушимизда унинг ёрдамида таом тайёрлаймиз, совуқ кунларда тафтида исинамиз. Лекин унинг қай тарзда қазиб олиниши, истеъмолчиларга етиб боргунгача бўлган соҳа ходимларининг машаққатли меҳнатини ҳамиша ҳам ҳис қилмаймиз. Шу ўринда айтиш керакки, табиий газ конларининг маҳсулдорлиги ҳам абадий эмас. Масалан “Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли конларнинг очилиши ўтган асрнинг 70-йилларига бориб тақалади. Албатта бу газ охирлаб қолди ҳам дегани эмас. Йиллар давомида янги конлар очилаверади, қудуқлар қазилаверади. Аммо эски конлардаги босими тушиб бораётган конлардаги газлардан унумли фойдаланишни соҳа ходимлари уддасидан чиқмоқда.
[gallery-15235]
Шу боис жорий йилдан бошлаб “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан айрим босими тобора пасайиб бораётган конларда табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини барқарор сақлаб туриш мақсадида кичик компрессор станцияларини қуриш лойиҳаси бошланган эди. Ушбу кичик станциялар қурилиши қисқа вақт ва кам маблағ талаб этилиши билан ҳам аҳамиятлидир.
Худди шундай иккита станция Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Чўлқувар” ва “Гирсан” конларида икки ой муддатда қуриб, ишга туширилди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил этилган пресс-турда станцияларнинг мавжуд табиий газ захираларини максимал даражада ўзлаштиришдаги хизмати ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ушбу кичик компрессор станциялари “Чўлқувар” ва “Гирсан” конларидан қазиб олинаётган кунлик 500 минг куб метр табиий газни қазиб чиқаришда барқарор ишлашни таъминлайди.
Маълумот учун қайд этиш жоизки, “Гирсан” кони 1989 йилда, “Чўлқувар” кони эса 2007 йилда ўзлаштирилган. Конлар тузилиши жиҳатдан мураккаб захираларга эга. Узоқ йиллар давомида уларнинг ишлатилиши қазиб чиқариш ҳажмининг пасайиши, захиралар ва қатлам босимининг табиий тушишига олиб келмоқда. Бундай шароитда газни барқарор етказиб беришда конларда кичик компрессор станцияларнинг ўрнатилиши технологик ечим ҳисобланади.
Янги иш бошлаган компрессор станциялари қудуқлардан келаётган бир атмосфера босим остидаги табиий газни, 10 атмосфера босимда “Помуқ” конидаги базавий компрессор станцияларига, кейин эса олтингугурт бирикмаларидан тозалаш мақсадида Муборак газни қайта ишлаш заводига 50 километр қувурлар тизими орқали етказиб беришни таъминлайди.
Кичик компрессор станциялари Хитойнинг “JEREH” компанияси томонидан, компрессорлари Япониянинг “MYCOM” компанияси томонидан етказиб берилди. Станцияларни электр энергиясини билан таъминлаш мақсадида юқори кучланишли ҳаво электр тармоғи ва нимстанциялар ишга туширилди. Шуниси аҳамиятлики, электр ҳаво тармоғининг қурилишида зарур моддий-техник ресурслар “Ўзбекнефтгаз” АЖ ички имкониятидан кенг фойдаланган ҳолда “Maxsusenergogaz” АЖ компанияси билан ҳамкорликда қисқа муддатда қуриб ишга туширилди.
“Чўлқувар” станцияси агрегатлари 2023 йил декабрь ойининг сўнги ўн кунлигида синов муддатига ишга туширилди. Ҳозирда компрессор станцияларининг ишга тушишидан келиб чиқиб кондаги қудуқларда ишчи параметрларни танлаш ишлари амалга оширилмоқда.
– Муборак нефти газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Чўлқувар” конида қудуқ усти компрессор қурилмасини ишга туширдик, – дейди Муборак нефти газ қазиб чиқариш бошқармаси бош муҳандиси Дилмурод Қурбонов. – Бу қудуқ усти компрессор қурилмаси – вентли компрессор орқали газ ҳайдаш ва блокли яъни кўчиришга қулай компрессор “Ўзбекнефтгаз” тизимида биринчи марта ўрнатилиб, ишга туширилди. Бу бизга нима беради? Қисқача айтадиган бўлсак, масалан конларимиз 1978 йиллардан бошлаб ишга тушган бўлса, биринчи газ қатламдан ўзининг энергияси билан чиқиб, ўзининг энергияси билан бориб, тозаланиб, қайта ишланиб, истеъмолчиларгача ўзининг босими билан етиб борган. Вақти соат ўтиб, газнинг босими камайгандан кейин секин-секин компрессор қурилмаларига эҳтиёж туғилди. Шу боис 2005 йилдан бошлаб компрессор қурилмаларини ишга туширишни бошлаган бўлсак, бугунга келиб 3-босқич компрессор қурилмаларни ишга туширяпмиз. Бу эса қудуқ устидаги газни бир килогача тушириб, газни олиб чиқишдаги босимини 15 килогача кўтариб беради, истеъмолчига етказиб беришни таъминлайди. Бу қурилманинг афзаллик томонлари узоқ муддатли яъни 10 йилгача таъмир талаб қилмайди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ахборот хизмати маълумотларига кўра, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан ушбу ҳудудда фаолият олиб бораётган корхоналар билан ўзаро ҳамкорлик натижасида “Янги Олот” конидан қазиб олинаётган кунлик 1,5 миллион куб метр табиий газни “Қувачи – Олот” газни дастлабки тайёрлаш қурилмасида тайёрлаш ва қувурлар орқали биргаликда узатиш лойиҳаси ҳам амалга оширилмоқда. Бунда махсус қурилма орқали “Янги Олот” конидан қазиб олинадиган кунлик 1,5 миллион куб метр табиий газни узатиш йўлга қўйилади.
Янги газ қувурини ишга тушириш билан “Янги Олот” ва “Тегирмон” гуруҳи конлари газ узатиш тизимидаги мавжуд қувурларда гидравлик қаршиликларни камайтириш ҳисобига қудуқлардан газ қазиб олишни кунлик қўшимча 500 минг куб метрга оширишга эришилади.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари