"O'zbekkosmos" экологик технологияларини намойиш этмоқда
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик муаммоларга замонавий технологиялар ёрдамида ечим топиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.
Шу мақсадда Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган “Eco Expo Central Asia 2026” халқаро экологик кўргазмаси соҳа мутахассислари ва инновацион ташкилотларни бир майдонга жамлади.

2–4 июнь кунлари Silk Road Samarkand мажмуасининг EXPO CENTER кўргазма марказида бўлиб ўтаётган мазкур кўргазмада "O'zbekkosmos" агентлиги ҳамда Космик мониторинг ва геоахборот технологиялари маркази ўзининг махсус стенди билан иштирок этмоқда.

Кўргазма доирасида сунъий йўлдош маълумотлари, геоахборот тизимлари, дрон мониторинги ва сунъий интеллект асосидаги замонавий ечимлар намойиш этилмоқда. Ушбу технологиялар экология, қишлоқ хўжалиги, сув ресурслари, ўрмон хўжалиги ҳамда инфратузилма соҳаларида самарали мониторинг олиб бориш имконини беради.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, космик мониторинг ва рақамли технологиялар атроф-муҳитдаги ўзгаришларни тезкор кузатиш, таҳлил қилиш ва экологик хавфларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. Кўргазма эса ушбу соҳадаги илғор ишланмаларни намойиш этиш, янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва тажриба алмашиш учун муҳим майдон вазифасини бажармоқда.
Н.Раҳмонова, ЎзА