Ўзбекистоннинг «Тараққиёт стратегияси» маркази халқаро таҳлилий марказлар тармоғига қўшилди
Хитойнинг Сиань шаҳрида «Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасида таҳлилий марказлар халқаро ҳамкорлик қўмитаси таъсисчилар кенгашининг жорий йилги йиғилиши бўлиб ўтди.
Ахборот ҳамкоримиз - «Синьхуа» АА хабар беришича, анжуманда ўтган даврда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, халқаро илмий-таҳлилий ҳамкорликни кенгайтиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинган.

Йиғилиш доирасида қўмита таркибига тўртта янги ташкилот — БРИКС халқаро форуми, Хитойнинг Сиань транспорт университети, Қирғизистоннинг «Манас» миллий академияси ҳамда Ўзбекистоннинг «Тараққиёт стратегияси» маркази қабул қилинди. Шу тариқа, халқаро тармоқ аъзолари сони 150 тага етди.
ХХР ва хорижий таҳлилий марказлар вакиллари ўзаро тажриба алмашиш, қўшма тадқиқотларни ривожлантириш ҳамда «Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасидаги ҳамкорлик самарадорлигини ошириш муҳимлигини таъкидлади.

Йиғилишга «Синьхуа» ахборот агентлиги бош муҳаррири ўринбосари, кенгаш раиси ўринбосари Жэнь Вэйдун раислик қилди.
Маълумот учун, мазкур халқаро ҳамкорлик қўмитаси 2019 йил апрель ойида «Синьхуа» институти ва яна 15 та таҳлилий марказ ташаббуси билан ташкил этилган. Унинг асосий мақсади халқаро экспертлар мулоқотини ривожлантириш ва қўшма тадқиқотларни рағбатлантиришдан иборат.
А.Маматов, ЎзА