Ўзбекистоннинг ҳамкор давлатлари сафи кенгаймоқда
Кейинги йилларда Ўзбекистон – Қатар муносабатлари ривожи кескин жадаллашди. Шу йил 6 июнда Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва давлат ташрифи билан мамлакатимизга келган Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Музокарада икки давлат ўртасидаги муносабат “кенг қамровли шериклик” даражасигача кўтарилишига ишонч билдирилди.
Етакчилар сиёсий мулоқотни, маданий-гуманитар алмашинувни янада чуқурлаштириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Дипломатик алоқалар тарихидаги биринчи мазкур олий даражадаги ташриф икки томонлама ҳамкорликда янги босқични бошлаб бериши, муносабатни кенг қамровли шериклик даражасига олиб чиқишга хизмат қилиши қайд этилди. Тошкентда Қатар, Дохада Ўзбекистон элчихоналари очилгани мамнуният билан таъкидланди.
Қатарнинг етакчи компаниялари энергетика, газ-кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, логистика, туризм ва бошқа тармоқларда умумий қиймати 12 миллиард доллардан зиёд йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этиши юзасидан келишувга эришилди. Таъкидлаш лозим, бу кўрсаткич Ўзбекистоннинг айрим йирик давлатлар билан аҳдлашилган келишувларидан ҳам салмоқли.
Лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон – Қатар инвестиция форумини ўтказиш, қўшма лойиҳаларни молиялаштириш механизмини яратиш таклиф этилди. Давлат раҳбарлари Марказий Осиёни Кўрфаз мамлакатлари билан боғлайдиган энг қисқа, ишончли ва хавфсиз йўлакларни шакллантириш муҳимлигига урғу беришди. Савдо-иқтисодий муносабатда асқотадиган Трансафғон темир йўлини барпо этиш бўйича стратегик лойиҳани биргаликда илгари суриш истиқболи кўриб чиқилди.
Музокаралар якунлангач, Шавкат Мирзиёев ва шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний ҳузурида савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.
Жумладан, Инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, Меҳнат муносабатлари соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битимлар, Олий таълим ва илмий тадқиқот соҳасида, Тошкент ва Доха шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум каби 15 та ҳужжат қабул қилинди.
Шунингдек, ташқи ишлар ва адлия вазирликлари ўртасида 2023-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури ҳамда Устувор инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун қўшма платформа яратишга келишиб олинди.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистоннинг дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестиявий алоқалари ривожланган, илғор, дини бир, маданияти, қадрияти яқин давлатлар давраси яна бир мамлакат ва халқ ҳисобига кенгайди.
И.Абдухолиқов, ЎзА