Ўзбекистоннинг экологик дипломатияси янги босқичга кўтарилмоқда
Куни кеча Қозоғистон пойтахти – Остона шаҳрида бутун Марказий Осиё минтақаси тақдирига бевосита алоқадор бўлган том маънода тарихий воқеа юз берди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Остонага амалий ташрифи доирасида иккита йирик анжуман – Минтақавий экологик саммит ва Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этди.
Экологик хавфсизлик ижтимоий адолат ва жамият барқарор ривожланишининг ажралмас қисми ҳисобланади. Тоза сув, ҳаво ва унумдор ерга эга бўлиш ҳуқуқи одамлар муносиб ҳаёт кечиришининг асосий шартларидир. Остонада бўлиб ўтган тадбирларни айнан шу нуқтаи назардан баҳолаш лозим.

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ташаббуси билан “Барқарор келажак учун умумий нигоҳ” ғояси асосида ташкил этилган Минтақавий экологик саммит 2025 йилда Самарқанд халқаро иқлим форумида бошланган мулоқотнинг мантиқий давоми бўлди. Эътиборлиси, Ўзбекистон кун тартибига шунчаки қўшилмади, балки минтақавий ҳамкорлик кўламини кенгайтириб, уни янги амалий мазмун билан бойитадиган кенг қамровли аниқ ташаббусларни илгари сурди. Остонага амалий ташриф айнан шу жиҳати билан аҳамиятли бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев саммитда нутқ сўзлаб, умумий таҳдид кўламини академик аниқлик билан кўрсатиб берди. Жумладан, Марказий Осиёда ҳарорат дунёдаги ўртача кўрсаткичдан икки баробар тезроқ кўтарилмоқда, минтақа музликларининг қарийб учдан бир қисми йўқолди, 80 миллион гектар ер майдонлари деградацияга учради. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон етакчиси еттита аниқ ташаббусни илгари сурди – Марказий Осиёнинг тоза ҳавоси давлатлараро консорциумини таъсис этиш, Тошкентдаги Яшил университет ҳузурида фаолият юритаётган Чўлланишга қарши курашиш, қурғоқчиликнинг олдини олиш ҳамда қум ва чанг бўронлари ҳақида барвақт огоҳлантириш марказига минтақавий мақом бериш, экомаҳсулотлар учун имтиёзли божхона тартибларини жорий қилган ҳолда “Марказий Осиё яшил савдо йўлаги”ни шакллантириш, иқлим лойиҳаларининг ягона инвестиция портфелини, атроф-муҳитидаги ўзгаришларнинг ягона минтақавий атласини яратиш, “Марказий Осиё Қизил китоби”ни ишлаб чиқиш ҳамда 2027 йилда Ўзбекистонда Бутунжаҳон ёшлар иқлим форумини ўтказиш. Бу таклифларнинг ҳар бири одамлар ҳаётини амалда яхшилаш имконини берадиган прагматик воситадир.
“Яшил” кун тартиби йирик бизнес манфаатлари билангина чекланиб қолмай, одамларнинг турмуш даражасини оширишга йўналтирилиши принципиал жиҳатдан жуда муҳим. Кичик корхоналарнинг замонавий экотехнологиялардан фойдаланиш имкониятини кенгайтирадиган “Марказий Осиё яшил савдо йўлаги” ҳамда фермерларни сувни тежовчи замонавий технологиялардан фойдаланишга амалий жиҳатдан ўргатишга қаратилган “Келажак суви” дастури айни шу мақсада қаратилган.
Ўзбекистон Президентининг Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгаши йиғилишидаги иштироки ҳам самарали бўлди. Тадбир доирасида Шавкат Мирзиёев 2027–2029 йиллар учун жамғарма раиси этиб расман сайланди. Албатта, бу катта шараф, шу билан бирга, тақдири Орол денгизи билан чамбарчас боғлиқ бўлган миллионлаб инсонлар олдидаги масъулият ҳамдир. Таъкидлаш жоизки, экологик омил Оролбўйи минтақаси ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг барча соҳаларига кириб борди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида бўлажак раисликнинг олтита устувор йўналишини белгилаб берди. Булар – ОҚХЖ фаолиятини ривожлантириш ва модернизация қилиш, унинг кун тартибини Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари қарорлари билан уйғунлаштириш, жамғарма дастур ва лойиҳалари самарадорлигини ошириш, молиялаштиришнинг самарали воситаларидан, БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди платформасидан фойдаланиш, Жамғарма ва бошқа минтақавий тузилмалар ўртасида фаол ҳамкорликни йўлга қўйиш ва энг муҳими, узлуксиз таълим тизими орқали сувга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш борасидаги кўп асрлик анъаналарини қайта тиклаш.
Олтинчи устувор йўналиш мен учун алоҳида дастурий аҳамиятга эга. Биз барқарор ривожланиш технологиядан эмас, инсондан бошланишини доим таъкидлаб келамиз. Президентимизнинг “Сувдан оқилона фойдаланиш умумий маданий кодимизга айланиши керак” деган сўзлари инсон капитали ва экологик тарбия устуворлиги ҳақидаги қарашларимиз билан ҳамоҳангдир. Қадриятларимизда туб бурилиш ясамай туриб, ҳеч қандай муҳандислик чоралари билан узоқ муддатли натижага эришиб бўлмайди.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда бу соҳада қандай ютуқларга эришилгани ҳақида маълумот берди. Хусусан, барча суғориладиган ерларнинг 60 фоизида сувни тежайдиган технологиялар жорий этилди, ирригация тармоқларини бетонлаш 40 фоизга етказилди. Насос станцияларини модернизация қилиш ҳисобига сув хўжалигида энергия истеъмоли қарийб 30 фоизга қисқартирилди.
Ушбу чора-тадбирларнинг амалга оширилиши туфайли ҳар йили 10 миллиард куб метрдан ортиқ сув ресурсларини тежаш таъминланмоқда. 2030 йилга бориб эса бу кўрсаткич 15 миллиардга етади. “Яшил макон” лойиҳаси доирасида бир миллиардга яқин дарахт ва буталар экилди, Орол денгизининг қуриган тубидаги ўрмонзорлар майдони икки миллион гектардан ошди. Қайта тикланувчи энергетика улуши 30 фоизга етди, Париж келишувининг чиқиндиларни 35 фоизга камайтириш бўйича мажбуриятлари эса муддатидан аввал бажарилди.
“EXPO” халқаро кўргазмалар марказида ташкил этилган Минтақавий экологик саммит кўргазмаси билан танишув ташриф дастурининг муҳим қисмларидан бири бўлди. Интерактив мультимедиа форматида тайёрланган Ўзбекистон павильонида “Чиқиндисиз ҳудуд”, “Тоза ҳаво”, “Яшил макон”, “Экомаданият”, “Биомерос” ва “Экологик таълим” каби миллий лойиҳалар намойиш этилди. Кўргазма мамлакатдаги реал тараққиётни, Ўзбекистон баёнотларни изчиллик билан амалий ишларга айлантираётганини кўрсатди.
Жамғарма йиғилиши якунида Остона баёноти имзоланди, Қозоғистон раислигининг бориши тўғрисида, 26 мартни Халқаро Орол денгизи, Амударё ва Сирдарё куни деб эълон қилиш тўғрисида қарорлар қабул қилинди. Биз, депутатлар Ўзбекистоннинг экология соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариш учун зарур чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаш йўлида бор куч-ғайратимизни сафарбар этишга тайёрмиз.
Остонага амалий ташриф Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги Ўзбекистон минтақавий экологик дипломатияда салмоқли ўрин тутаётганини яна бир бор тасдиқлади. Бу мамлакатимизнинг миллий манфаатларига ҳам, соғлом муҳитда яшашни, тоза сув ичишни ва келажак авлодларга ўз меросига муносиб замин қолдиришни истаётган миллионлаб Марказий Осиё аҳлининг орзу-умидларига ҳам мос келади.
Н.Рашидова,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси.
ЎзА