Ўзбекистоннинг 35 ҳудуди учун туризм стратегияси ишлаб чиқилмоқда
Туризм қўмитаси раиси ўринбосари С.Бобоқалонов Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақасида шаҳарсозлик, офатлар хавфини бошқариш, барқарорлик ва ер ресурсларини бошқариш амалиёти раҳбари Питер Эллис билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шунингдек, замонавий туризм инфратузилмасини ривожлантириш учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар хусусида батафсил маълумот берилди. Томонлар мамлакатда туризмни иқтисодиётнинг муҳим драйверларидан бирига айлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларни алоҳида таъкидлади.

Музокаралар чоғида Жаҳон банки вакиллари томонидан ташкилотнинг устувор фаолият йўналишлари, халқаро тажрибаси ҳамда турли мамлакатларда амалга оширилган йирик лойиҳалар тақдим этилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда туризм салоҳияти юқори бўлган 35 та туман ва шаҳар танлаб олингани ҳамда мазкур ҳудудларда Жаҳон банки экспертлари иштирокида 2050 йилгача мўлжалланган стратегик дастур ишлаб чиқилаётгани қайд этилди.

Ушбу дастурда туризм инфратузилмасини ривожлантириш, аҳоли бандлигини ошириш, иқтисодиётни диверсификация қилиш ва янги иш ўринлари яратиш каби устувор вазифалар қамраб олинган.

Мулоқот якунида томонлар мазкур ҳамкорлик Ўзбекистонда туризм салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш, ҳудудларни барқарор ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА