Ўзбекистонни иккинчи ватани деб билган Беньков
Бугун пойтахтимиздаги Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасида “Павел Беньков Қуёш рассоми” монографияси тақдимоти бўлиб ўтди.
Москва шаҳридаги Маржани фонди раҳбари Рустам Сулаймонов, Павел Беньковнинг набираси Марина Лишенская, рассом Евгения Яговкина ва бошқа бир қатор тасвирий санъат усталари меҳмон сифатида қатнашган ушбу тадбирда Академик, санъатшунослик доктори Нигора Аҳмедова қаламига мансуб “Павел Беньков Қуёш рассоми” монографияси кенг жамоатчиликка тақдим этилди.


Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Павел Петрович Беньков 1920-1940 йиллар тасвирий санъатида алоҳида ўрин эгаллайди.
— У Ўзбекистонга салмоқли ижодий, педагогик тажрибага эга етук мутахассис сифатида келган, — дейди Нигора Аҳмедова. — Рассом ўз асарларида муҳим ижтимоий муаммоларни акс эттиришга ҳаракат қилган, юртимиз табиатининг ўзига хослигини, нозик жиҳатларини маҳорат билан ифодалай олган.


Тасвирий санъатнинг ҳақиқий мухлислари, мутахасисслари яхши билишади, ушбу ранг тасвири устаси диёримиз ижод оламига улкан ҳисса қўшган. Россиядан келиб юртимиз тарихи, табиатини чуқур ўрганиб, халқимиз турмуш тарзини, гўзаллигини ўз ишларида ҳаққоний тасвирлай олган.
— Беньков нафақат кўплаб шогирдлар тайёрлаган, балки авлодларга ўз мактабини ҳам қолдирган, — дейди Ўзбекистон халқ рассомлари академияси аъзоси Собиржон Раҳметов. — Самарқандни иккинчи уйи деб билган, юрагидан севган ижодкор, асосан, шу кўҳна шаҳарда ижод қилган, ёшларга сабоқ берган. У Бухоро ва Самарқанд табиати, аҳолининг турмуш тарзини ёрқин бўёқларда акс этирган буюк рассом эди.
Улуғбек Маҳмирзаев, ЎзА