Ўзбекистонликларнинг ўртача ойлик маоши ўзгарди
Президент ҳузуридаги Статистика агентлиги номинал ҳисобланган ўртача ойлик иш ҳақи бўйича дастлабки статистик маълумотларни эълон қилди. Бу миқдор 4,5 млн. сўмни ташкил этди.
Маълумки, номинал ҳисобланган иш ҳақи маълум бир давр (ой, йил) мобайнида ходим томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулот (бажарилган иш ёки кўрсатилган хизмат) эвазига иш берувчилар томонидан амалдаги қонун ҳужжатларига асосланган ҳолда солиқ ва бошқа тўловларни ўз ичига олувчи ёлланма ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тарзида жисмоний шахсга пул шаклида ҳисобланган даромадлардан иборат бўлади. Бу иш ҳақи фондини ходимлар сонига бўлиш йўли билан ҳисоблаб чиқарилади.
Бошқача айтганда, кимдир 50 миллион сўм маош олса, яна кимдир 2 миллион сўм олади. Ўртача ойлик иш ҳақи эса тахминан 20-30 миллион сўм бўлиши мумкин. Лекин бу дегани аҳолининг ўртача ойлик маоши 20 миллион сўм дегани эмас!
Агентлик эълон қилган дастлабки маълумотларда келтирилган рақамлар ўтган 2023 йилнинг январь-декабрь ойларига оид бўлиб, унда қишлоқ хўжалиги ва кичик тадбиркорлик субъектлари бўйича маълумотлар ўз аксини топмаган.
Аввало, шуни айтиб ўтиш керакки, инфляцияни ҳисобга олмасак, ўртача ойлик иш ҳақи (ЎОИҲ) кўтарилиб бориш динамикасини қайд этган. Масалан, 2019 йилда ўртача ойлик иш ҳақи 2324,6 минг сўм бўлган, 2020 йилда бу кўрсаткич 2673,3, 2021 йилда 3214,8, 2022 йилда 3882,2 минг сўмни, ҳисобот даврида – 2023 йилда эса 4551,4 минг сўмни ташкил этган.
Ўзбекистон бўйлаб ЎОИҲ ўтга йилги кўрсаткичга нисбатан +17,2 фоизга ўсган. Ҳудудлар кесимида қарасак, энг катта ЎОИҲ Тошкент шаҳрига хос бўлиб, 7453,4 минг сўмдан иборат. Иккинчи ўриндан Навоий (5887,8 минг сўм), учинчи ўриндан эса Тошкент вилояти (4526 минг сўм) ўрин олган. Энг кам ЎОИҲ эса 3310,6 минг сўм бўлиб, Наманган вилоятига тегишли. Ундан тепадаги эса 3367,7 минг сўмлик кўрсаткич билан Қашқадарё вилояти ва 3408,4 минг сўмлик кўрсаткич билан Самарқанд вилояти турибди.
Ўртача ҳисоблайдиган бўлсак, вилоятлар кесимида ЎОИҲнинг ўсиш фоизи энг кам кўрсаткичи 13,2 фоиз Наманган вилоятига хос бўлиб, энг катта ўсиш даражаси, табиийки, пойтахт Тошкент шаҳрига (+18,7 фоиз) хос.
Албатта, бу ўринда иш ҳақи фондининг “бақувватлиги” билан бирга, аҳоли сони ҳам муҳим роль ўйнайди. Айтайлик, Тошкент шаҳрида ва Навоий вилоятида яхши маош тўлайдиган корхоналар кўп. Навоий вилоятида аҳоли сийрак, Наманган, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида эса аҳоли кўплиги боис, ўртача қиймат ҳам паст чиқиши нормал ҳолат дейиш мумкин.
Статистик маълумотларда, шунингдек, 2023 йил ҳолатига кўра, иқтисодий фаолият турлари бўйича ходимлар сонининг жамига нисбатан улуши ҳам кўрсатилган. Яъни, корхона ва ташкилотларда (қишлоқ хўжалиги ва кичик тадбиркорлик субъектларисиз) меҳнат дафтарчалари мавжуд бўлган, ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблашда ҳисобга олинганлар улуши ҳам ҳисоблаб чиқилган. Жумладан, энг кам улушни 12 фоизни ташкил этувчи соҳалар ташиш ва сақлаш 3,7 фоиз, савдо 2,5 фоиз, қурилиш 2,3 фоиз, молия ва суғурта 2,1 фоиз, ахборот ва алоқа соҳаси 1,4 фоиз экани ўз аксини топган. Энг “жозибадор” соҳалар таълим 37,7 фоиз, саноат 18,3 фоиз ва соғлиқни сақлаш 16,9 фоиз соҳаларидир.
2023 йил январь-декабрь ойларида иқтисодий фаолият турлари бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг энг баланд кўрсаткичи молия ва суғурта соҳасига тўғри келади (13 млн. 323,2 минг сўм). Шунингдек, ахборот ва алоқа соҳаси 10 млн. 602,1 минг сўмни, ташиш ва сақлаш соҳаси 6 млн. 936,7 минг сўмни ва саноат соҳаси 5 млн. 622,2 минг сўмни ташкил этиб, ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан юқори кўрсаткични қайд этган. Шу билан бирга, таълим (3 млн. 123,0 минг сўм) ҳамда соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш (3 млн. 002,6 минг сўм) соҳалари эса бошқа соҳаларга нисбатан энг паст даражаларда эканига гувоҳ бўлиш мумкин.
Ш. Маматуропова, ЎзА