Ўзбекистонлик ёшлар Москвадаги космик тажрибаларда иштирок этди
Космик тадқиқотлар ва юқори технологиялар асри бўлмиш XXI асрда инсониятнинг фазони ўзлаштиришга бўлган қизиқиши нафақат йирик давлатлар, балки ривожланаётган мамлакатлар ёшлари учун ҳам янги илмий имкониятлар эшигини очмоқда. Сабаби, космик биология, сунъий интеллект ва автоном бошқарув тизимлари соҳасидаги изланишлар келажак цивилизациясининг пойдеворини белгилаб бермоқда.
Айнан мана шундай глобал илмий муҳитда ўзбек ёшларининг халқаро майдонда ўз сўзини айта бошлаши мамлакатимиз интеллектуал салоҳиятининг янги босқичга чиққанидан далолат беради.
Москвадаги нуфузли «Сколково» инновацион марказида бўлиб ўтган илк «ОРБИТА–2026» халқаро космик ўйинларида Ўзбекистон жамоаси илмий ва муҳандислик лойиҳаси билан муваффақиятли иштирок этди.

Дунёнинг етакчи давлатларидан келган энг иқтидорли ёш олимлар ва муҳандисларни бирлаштирган ушбу нуфузли ҳаракатда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти (ТИҚХММИ) Миллий тадқиқот университетининг "TIIAME ORBIT" жамоаси Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилди.
Ёш олимлар гуруҳи мусобақага шунчаки иштирокчи сифатида эмас, балки космик биология ва экстремал муҳит муҳандислигига оид ўзига хос инновацион ечимларга эга жиддий рақобатчи сифатида кириб борди.

Экстремал шароитларда тирик организмларнинг мослашувчанлигини ўрганишдан тортиб, Марс миссиясининг мураккаб симуляцияларида автоном яшаш ва муҳандислик вазифаларини бажаришгача бўлган синовларда ўзбекистонлик талабалар юқори профессионаллик кўрсатди.
Жумладан, лойиҳа доирасида стратосферага махсус қурилма учирилиб, шиллиқуртлар, бактериялар ва чувалчангларнинг ноодатий муҳитга таъсирланиши ўрганилди. Қурилмага ўрнатилган сенсорлар ҳарорат, босим ва бошқа муҳим кўрсаткичларни қайд этди. Парвоз якунида эса тирик организмларда юз берган ўзгаришлар таҳлил қилинди.

Мутахассисларнинг қайд этишича, тажриба натижалари келажакда космик биология, биотехнология ва биотиббиёт муҳандислиги йўналишларидаги тадқиқотлар учун муҳим маълумотлар бериши мумкин. Ёшларимизнинг робототехника, биология ва замонавий технологияларни бирлаштирган бундай лойиҳалари илмий изланишлар учун янги имкониятлар яратмоқда.
Гулноза Бобоева,
ЎзА