Ўзбекистонлик талабалар халқаро майдонда билим ва салоҳиятини намоён этмоқда
Бугунги кунда ахборот технологиялари соҳасида рақобат нафақат компаниялар, балки мамлакатлар ўртасида ҳам кучайиб бормоқда. Ана шундай шароитда ёшларнинг халқаро майдонлардаги иштироки мамлакатнинг интеллектуал салоҳиятини намоён этишда муҳим аҳамият касб этади.
Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳрида ўтказилаётган “Huawei ICT Competition 2025–2026” глобал финалида Ўзбекистоннинг учта олий таълим муассасаси — Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ҳамда Турин политехника университети талабалари ва ўқитувчилари иштирок этмоқда.

Жорий йилда танловнинг амалий йўналишида дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакат ва ҳудудларидан сараланган 131 та жамоа қатнашмоқда. Мусобақа тармоқ технологиялари, булутли ечимлар, ҳисоблаш технологиялари ҳамда сунъий интеллект йўналишларини қамраб олади.
Глобал финал доирасида иштирокчилар назарий билимлар билан бир қаторда амалий кўникмаларини ҳам синовдан ўтказиб, мураккаб технологик вазифаларни ҳал этиш бўйича ўз салоҳиятларини намоён этади.

Танлов давомида талабалар сунъий интеллект, булутли технологиялар, телекоммуникация тармоқлари ва замонавий дастурий платформалар бўйича халқаро экспертлар билан тажриба алмашиш имкониятига эга бўлади.

“Huawei ICT Competition” бугунги кунда дунёдаги энг йирик халқаро таълим ташаббусларидан бири ҳисобланади. Жорий мавсумда унинг амалий йўналишида 210 мингдан ортиқ талаба иштирок этиб, бу кўрсаткич танлов тарихидаги рекорд натижа бўлди.
Ўзбекистонлик иштирокчиларнинг ушбу нуфузли танловдаги иштироки мамлакатимиз ёшларининг ахборот технологиялари соҳасидаги билим ва иқтидори халқаро миқёсда ҳам муносиб баҳоланаётганидан далолат беради.
Н.Раҳмонова,
ЎзА