Ўзбекистонлик стартапчилар “TechCrunch Disrupt”да таништирилади
Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (IT Park) жорий йилнинг 28-30 октябрь кунлари Сан-Франциско шаҳрининг “Moscone” конгресс-марказида бўлиб ўтадиган “TechCrunch Disrupt 2024” халқаро технология анжуманида иштирок этиш учун аризалар қабул қилиш бошланганини маълум қилди.
IT Park маълумотларгиа кўра, қабул Қозоғистоннинг “Astana Hub” ва Американинг “Silkroad Innovation Hub” марказлари билан ҳамкорликда ўтказилмоқда. Томонлар тадбирда Марказий Осиё давлатларидан келган иштирокчиларга майдонча тақдим этилишини биргаликда ташкиллаштиради.
Ҳар бир иштирокчи жамоага Стартаплар аллеясида (Startup Alley) стенд учун жой ажратилиб, бу ерда улар салоҳиятли сармоядорлар ва экспертлар билан мулоқот қилиши, венчур инвесторлар ҳамда ташриф буюрувчиларга ўз бизнес лойиҳаларини тақдим этиши мумкин.
Инвестицияларни жалб этиш ва чет эл бозорига чиқишни режалаштирган, ўсиш босқичидаги тайёр маҳсулоти бўлган стартаплар таклиф этилади. Анжуманда иштирок этиш учун аризаларни 15 августга қадар юбориш талаб этилади.
2023 йилда “TechCrunch Disrupt”да IT Parkнинг бешта - “IMAN Invest”, “Mohirdev”, “MyID”, “Pastoral” рақамли чорвачилик тизими ва “Workly”ходимнинг иш вақтини ҳисобга олишнинг булутли тизими резиденти қатнашган эди.
Роман БОНДАРЧУК тайёрлади, ЎзА