Ўзбекистонлик ўқувчиларнинг халқаро олимпиадалардаги натижалари
Бундан ўн йиллар муқаддам Ўзбекистон ўқувчиларининг халқаро фан олимпиадаларида ғалаба қозониши фавқулодда хурсандчилик ҳолати, деб қаралар эди. Мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан таълим соҳасида бошланган янгиланиш жараёнлари, ўқувчилар ва уларнинг устозларини фаол қўллаб-қувватлаш борасидаги амалий ишлар халқаро олимпиадаларда ўзбекистонлик ёшларнинг муттасил зафар қозонишида муҳим омил бўлмоқда.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Ахборот хизмати маълумотига кўра, ўқувчиларнинг халқаро фан олимпиадаларидаги иштироки йўналишида 2026 йилда юртимиз ўқувчилари халқаро олимпиадаларда муносиб иштирок этиб, 220 та медаль, жумладан, 35 та олтин, 81 та кумуш ва 104 та бронза медални қўлга киритди.
Фан олимпиадалари тарихида янги натижа қайд этилди. Жумладан, Ўзбекистон мезбонлигида ўтказилган Халқаро кимё олимпиадасида 1 та олтин медаль қўлга киритилди. Жорий йилда ўқувчиларимиз илк бор Халқаро сунъий интеллект олимпиадасида қатнашиб, 3 та медаль — 1 та кумуш ва 2 та бронза медалга сазовор бўлди.
Тошкент вилоятида бўлиб ўтган Ал-Хоразмий номидаги Халқаро математика ва информатика олимпиадасида ўқувчиларимиз 61 та медаль — 11 та олтин, 22 та кумуш ва 28 та бронза медални қўлга киритди.
Абу Али ибн Сино номидаги халқаро биология олимпиадасида эса 11 та медаль — 2 та олтин, 3 та кумуш ва 6 та бронза медалга сазовор бўлинди.
Жорий йилда юртимиз ўқувчилари энг нуфузли халқаро олимпиадаларда 16 та медаль — 1 та олтин, 7 та кумуш ва 8 та бронза медални қўлга киритди. Хусусан, Ўзбекистон мезбонлигида 96 давлат иштирокида ўтказилган Халқаро кимё олимпиадасида 1 та олтин ва 3 та кумуш медаль қўлга киритилди.
Хитойда 119 давлат иштирокида ўтказилган Халқаро математика олимпиадасида ўғил-қизларимиз 2 та кумуш ва 3 та бронза медалга сазовор бўлди. Колумбияда 96 давлат иштирокида ўтказилган Халқаро физика олимпиадасида эса навқирон юртдошларимиз 2 та кумуш ва 2 та бронза медални қўлга киритди.
Халқаро олимпиадаларда ёшларимиз 4 та медалга сазовор бўлди. Хусусан, ўқувчиларимиз Германияда 51 давлат иштирокида ўтказилган Халқаро немис тили олимпиадасида 1 та кумуш ва 1 та бронза, Хитойда 60 давлат иштирокида ўтказилган Халқаро иқтисод олимпиадасида эса 2 та бронза медални қўлга киритди.
Буларнинг барчаси мамлакатимизда таълим сифатини юксалтириш борасидаги амалий саъй-ҳаракатларнинг натижасидир.
Назокат Усмонова, ЎзА