Ўзбекистонимизнинг мўъжаз кўзгуси
Истиқлол йилларида мамлакатимизда маҳаллаларнинг мавқеи ва мақомини юксалтириш, уларнинг жамиятимизда кечаётган ислоҳотлар жараёнидаги фаоллигини ошириш бўйича мисли кўрилмаган ташаббуслар илгари сурилди. Бугунги кунда маҳаллалар Ватан ичра мўъжаз Ватан эканини ҳар бир фуқаро дилдан англамоқда. Ўз ҳаёти, тақдирида бунга қайта -қайта ишонч ҳосил қилмоқда.
Мамлакатимизда кейинги йилларда маҳалла тизимининг нуфузини ошириш, ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш борасида катта қадамлар ташланди. Хусусан, Конституциямизда маҳалланинг мақоми алоҳида белгилаб қўйилди. Соҳа фаолиятини тартибга соладиган юзга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Маҳалла тизими ислоҳотларнинг ҳал қилувчи бўғинига айланди. Бугунги кунда маҳаллаларимизда маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, солиқ инспектори ва ижтимоий ходимдан иборат “маҳалла еттилиги” ишламоқда. Уларга зарур ваколат ва имкониятлар яратиб берилди. Ҳозир “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” бўйича, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси, Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармалари орқали кўрсатиладиган 67 турдаги ёрдам ва ажратиладиган субсидиялар “маҳалла еттилиги”нинг коллегиал қарори асосида амалга оширилмоқда.
Маҳалланинг жамиятдаги ролини янада ошириш, аҳоли муаммолари билан ишлашда ўрнини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, ҳудудларда унинг бўлинмалари ташкил этилди. Маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашлари тузилди.

Уюшманинг ҳудудий бошқармалари ҳамда 208 та туман (шаҳар) бўлимлари раҳбарлари лавозимига тайинланди ҳамда маҳаллалар олдида турган долзарб вазифалар белгилаб берилди. Маҳаллалар фаолиятини самарали йўлга қўйиш бўйича 12 та қонунчилик ҳужжати (2 та қонун, Президентнинг 2 та қарори, Ҳукуматнинг 8 та қарори) лойиҳалари ишлаб чиқилиб, Ҳукуматга киритилди.
Жорий йилдан бошлаб илк маротаба фуқаролар йиғинлари раислари орасида “Энг намунали маҳалла раиси” танлови ўтказилди. Танлов ғолиблари 22 март – Маҳалла тизими ҳодимлари куни арафасида эълон қилинди. Айни кунларда “Мустақиллигимизнинг 33 йиллигига 33 та лойиҳа” танлови қизғин давом этмоқда. Танлов ғолибларини рағбатлантириш мақсадида 1 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ахборот хизмати тақдим этган маълумотларга кўра, республикада илк бор умумий ишсизлар, кам таъминланган оилалар, хорижга ишлаш учун кетган фуқаролар, ногиронлиги бор, боқувчисини йўқотган оилалар, ижтимоий дафтарларда турувчи оилалар, пробация ва профилактик ҳисобда турувчилар, ажрим ёқасидаги оилаларнинг ягона комплекс баланси шакллантирилди.
Бугунги кунда барча маҳаллалар 25 та йўналиш, 401 та кўрсаткичдан иборат “маҳалла баланси”га эга.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллигига қадам ташлаган бир масъулиятли дамда муаммолардан кўз юммай, уларнинг илдизларини бартараф этишга катта аҳамият қаратилаётгани аҳамиятга молик. Тақдим этилган маълумотларга кўра, республикада 1 миллион 7 минг нафар ишсиз, 1,7 миллион нафар камбағал оила мавжуд. Ногиронлиги бор шахслар 815 минг нафарни, боқувчисини йўқотган оила 199 мингтани, “Темир дафтари”даги оила 56 мингтани, “Аёллар дафтари”дагилар 1 миллион 36 мингтани, “Ёшлар дафтари”дагилар 110 мингтани, пробaция ҳисобида турувчи 77 мингтани, профилактик ҳисобда турганлар 240 мингтани, ажрим ёқасидаги оилалар 40 мингтани ташкил этади.
Аҳоли муаммоларини тизимли тарзда бартараф этиш бўйича “Йўл харита”лари ва ҳар бир маҳалла Омбор китоби ишлаб чиқилди. Тизимда турли бюрократия, қоғозбозликларнинг олдини олиш мақсадида “маҳалла еттилиги” томонидан алоҳида юритилаётган тарқоқ платформалар ўрнига “Рақамли маҳалла” ягона электрон платформаси ишга туширилди.
Ушбу платформага “маҳалла баланси”, аҳолига кўрсатиладиган ёрдамлар, касбга ўқитилган, субсидия, грант ва кредит маблағлари олган шахслар, иш берувчи ва ишсизлар, никоҳни тузиш бўйича ариза берган, тузилган ва бекор қилинган, миграцияда юрган фуқаролар, 3 та дафтардаги шахслар, “еттилик”ни баҳолаш натижаси ҳақида маълумот киритилган.
“Маҳалла еттилиги”нинг малакасини ошириш мақсадида Уюшмада малака ошириш ва маҳаллаларни методик таъминлаш ўқув-услубий маркази ташкил этилди ҳамда ҳокимликлар ҳузуридаги маҳалла ходимларининг малакасини ошириш бўйича 14 та ўқув курси раҳбарлари учун ўқув-семинар ўтказилди.
Шунингдек, “маҳалла еттилиги” аъзоларининг билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган 2024 йилга мўлжалланган ўқув дастури ҳамда онлайн платформа ишлаб чиқилди. Бугунги кунга қадар барча маҳалла раислари ўқитилди.
“Маҳалла еттилиги” ҳамкорлиги бўйича 6 та услубий-қўлланма ишлаб чиқилди. Ҳар бири 10 минг (жами 60 минг) нусхада чоп этилиб, барча маҳаллага етказилди. “Маҳалла еттилиги” аъзоларига мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни етказиш мақсадида “Маҳалла” медиа-маркази, “Маҳалла” пресс-клуби ҳамда “Жалинга” студияси очилди.
Аҳоли муаммолари билан ишлаш ва “маҳалла еттилиги” фаолиятини самарали йўлга қўйиш бўйича Уюшмада 24 соат узлуксиз ишлайдиган “Call-марказ” фаолияти (ягона қисқа рақам) йўлга қўйилди.
Жорий йил 20 мартдан бошлаб, барча маҳаллага 16 та банкнинг масъуллари бириктирилиб, “Ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш” бизнес дастури ишлаб чиқилди. “Маҳалла еттилиги” ва банклар ҳамкорлигида жорий йилда 836 минг 50 нафар ишсизларнинг бандлигини таъминлаш режаси ишлаб чиқилиб, бугунги кунда 412 минг 753 нафар (49,3 фоиз) аҳолининг бандлиги таъминланди. Шунингдек, 4 миллион 435 мингта хонадонда томорқадан самарали фойдаланиш йўлга қўйилди, 522 минг 749 та хонадонда қўшимча даромад манбаи яратилди.
Ташқи миграцияда юрган фуқароларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш ҳамда қайтган фуқароларни иш билан таъминлаш масаласи — Уюшма фаолиятининг устувор йўналишларидан. Ҳозирги кунда “маҳалла еттилиги” томонидан ташқи миграцияда юрган 1 миллион 419 минг 588 нафар фуқаро хатловдан ўтказилди, улар билан онлайн мулоқот қилинди, натижаси бўйича ҳар бир маҳаллада тадбирлар режаси ишлаб чиқилмоқда.
Жорий йилда меҳнат миграциясида юрган 155 минг 964 нафар фуқарони (102 минг 813 нафари эркаклар, 53 минг 152 нафари хотин-қизлар) қайтаришга эришилди. Бугунги кунда уларнинг 31 минг 637 нафари ишга жойлаштирилди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 9 минг 452 та маҳалла, 832 та сектор, 208 та туман (шаҳар) ва 14 та ҳудуднинг Бандлик дастурлари шакллантирилиб, халқ депутатлари туман (шаҳар) ва вилоят Кенгашлари қарорлари билан тасдиқланди.
Маҳаллалар моддий-техник базасини яхшилаш бўйича барча маҳаллаларнинг моддий-техника таъминоти хатловдан ўтказилди. Ўтган 5 ойда 189 та маҳаллага янги бино қурилди, 97 таси жорий, 40 таси капитал таъмирланди, 87 таси реконструкция қилинди.
Маҳаллаларнинг молиявий имкониятини кенгайтириш бўйича ер ва мол-мулк солиғи ҳисобидан 822,6 миллиард сўм солиқ тушуми ундирилиб, 9 минг 452 та маҳалла бюджетига 82,2 миллиард сўм даромад тушурилди.
Булардан ташқари, Уюшма ташаббуси билан маҳаллаларда 178 минг 10 та тадбир, жумладан, 165 минг 515 та маданий-маърифий, 11 минг 25 та концерт дастурлари, 490 та театр томошаси, 980 та музейларга саёҳатлар ташкил этилиб, 1,4 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси томонидан маҳалланинг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш мақсадида келгусида қатор устувор вазифалар амалга оширилади. Жумладан, 2025 йил май ойида ўтказиладиган маҳалла раислари сайлови тадбирлари шулардан биридир. Уни юқори савияда ташкил этиш бўйича календарь режа ишлаб чиқилди, 9 минг 452 та маҳалла раиси лавозимига 3 нафардан номзодлар шакллантирилди, улар йил якунига қадар ўқитилади.
Йил якунига қадар жами 472 та маҳалла бинолари, шундан Уюшма томонидан ҳашардан тушган маблағлар ҳисобига 208 таси, туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан 208 таси, ҳудудий сектор раҳбарлари томонидан 56 таси қурилади.
9 минг 452 та маҳалла бинолари ёнида енгил конструкцияли сартарошхона, гўзаллик салони, новвойхона, тикувчилик цехи, пойабзал таъмирлаш устахонасини ташкил этиш орқали ҳар бир маҳаллада 10 тадан янги иш ўрни яратилади. Ишсизлар қизиқиши бўйича касб-ҳунарга ўқитилиб, мазкур иш ўринларига жойлаштирилади. Натижада республика бўйича 95 мингга яқин ишсиз бандлиги таъминланиб, 47 мингдан ортиқ фуқаролар тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўяди.
Жорий йил ноябрь ойи охирига қадар аҳоли муаммолари маҳалланинг ўзида ҳал қилинадиган тизим яратилади ҳамда “маҳалла еттилиги” аъзолари мустақил фаолият юритадиган идорага айлантирилади.
Энг улуғ, энг азиз байрам – Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллиги арафасида маҳаллалар янада обод, файзли, тартибли кўринишга келтирилади. Маҳалла фуқаролар йиғинларида ижодкор-зиёлилар, олимлар, маънавият тарғиботчилари, ибратли ҳаёт йўлини босиб ўтган нуронийлар иштирокида “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган мулоқотлар, маърифий анжуманлар, давра суҳбатлари, мусиқий дастурлар ташкил этилади.
Шу билан бирга, янгидан-янги маҳалла гузарлари, болалар спорт-соғломлаштириш майдончалари, ижтимоий объектлар ишга туширилиши кўзда тутилгани, ёлғиз, боқувчисини йўқотган, кўмакка муҳтож фуқаролар ҳолидан хабар олишга доир ишлар қамрови янада авж олиши режалаштирилаётгани эътиборга моликдир.
Н.Усмонова, ЎзА мухбири