Ўзбекистонга туристик оқим 21,1 фоизга ошди
Мамлакатимизда туризм соҳасидаги ўсиш суръати йилдан-йилга юқорилаб бормоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь-август ойларида мамлакатга туристик мақсадларда 9 миллион 102 минг 729 нафар чет эл фуқароси ташриф буюрган.
Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1 миллион 600 минг нафарга ёки 21,1 фоизга кўп. Демак, ҳар ойга ўртача 1,1 миллиондан ортиқ хорижий турист тўғри келган.
Туристик оқим таркибида қўшни давлатлар фуқаролари салмоғи юқори. Хусусан, Қирғиз Республикасидан 2,5 миллиондан зиёд, Қозоғистондан 2,1 миллиондан ортиқ, Тожикистондан эса 2 миллиондан зиёд сайёҳ келган. Ушбу уч давлат ҳиссаси жами туристик оқимнинг қарийб 74 фоизини ташкил этади.
Россия 867,7 минг нафар турист билан тўртинчи ўринни эгаллаган. Афғонистондан 329,6 минг, Хитойдан 318,5 минг, Туркманистондан 224,8 минг нафар сайёҳ ташриф буюрган.
Шунингдек, Туркиядан 130,1 минг, Ҳиндистондан 39,5 минг, Германиядан 32,2 минг нафар турист Ўзбекистонга келган.
Рақамлар Ўзбекистон учун нафақат анъанавий қўшни бозорлар, балки Хитой, Туркия, Ҳиндистон ва Европа мамлакатларидан келувчи туристлар оқимини кенгайтириш учун ҳам салоҳият юқори эканини кўрсатмоқда. Айниқса, йилнинг дастлабки 8 ойида 9 миллиондан ортиқ хорижий фуқаронинг туристик мақсадда ташрифи мамлакатнинг халқаро туризм бозоридаги жозибадорлиги ортиб бораётганидан далолатдир.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА