Ўзбекистонга қайтганим – бахтим! (+видео)
-дейди 18 йил давомида Россиянинг Москва шаҳрида дунёга машҳур А.Н.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги илмий текшириш марказида фаолият юритган тиббиёт фанлари доктори Камолиддин Раҳмонов.
Болалигимизда қайси бир касб эгасининг ютуқларини кўрсак ёхуд эшитсак, ўша инсоннинг изидан боришга ҳавасманд бўламиз. Болалик орзу-ҳавасларининг аксарияти ўткинчи бўлиши сабаби ҳам шудир, эҳтимол. Лекин мана шундай ҳавасманд ва беғубор палладаги ниятлари ижобат бўлиб, болаликда орзу қилган касбининг бошини тутган инсонлар ҳам бор. Қўли енгил жарроҳ сифатида танилган Камолиддин Раҳмонов улардан бири.
– Оиламиз аъзолари, ҳатто узоқ-яқин қариндошларимиз ичида ҳам шифокорлар бўлмаган, - дейди К. Раҳмонов. – Бироқ ҳаётимизни шифокорларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Оиламизда ҳам кимнингдир соғлиғида муаммо пайдо бўлса, қишлоғимиз шифокорлари уйимизга ташриф буюриб, керакли муолажаларни амалга ошириб кетишарди. Айниқса, оқ халати ўзига жуда ярашган, бутун қишлоғимиз ҳурмат қиладиган шифокор Улфатжон Низомовга роса ҳавас қилардим. Айнан шу ҳавас туфайли болалик чоғимдаёқ шифокор бўлишни қатъий ният қилганман.
Ёш Камолиддин тиббиёт йўналишидаги олий таълим даргоҳига кириш учун астойдил ўқиб-излангани боис Андижон давлат тиббиёт институтига кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиб, дастлабки қадамни ташлади.
[gallery-15830]
“Олтин давр” деб таъриф этиладиган талабалик йилларида кимдир амал-тақал қилиб, диплом олиш истагида бўлса, кимдир малакали касб эгаси бўлиш учун ҳар қандай машаққатларни енгиб ўтади. Камолиддин дарсдан ташқари пайтларда ҳам устозларини тинч қўймасди. Ўтилган мавзуларга чуқур ёндашарди. Айниқса, ўзаро ҳамкорлик асосида талабаларга сабоқ бергани келган хорижлик малакали мураббийларнинг дарсларига астойдил қатнар, улар билан қўшимча дарс ўтишга ошиқарди. Ўз навбатида олдига малакали шифокор бўлишни жиддий мақсад қилиб олгани, бу борада тиришқоқлик билан ҳаракат қилгани боис туфайли Андижон давлат тиббиёт институтидаги устозлари ҳамда хорижлик мураббийларнинг эътиборига тушди. Россиялик малакали шифокор устозлардан бири уни Москвадаги дунёга машҳур, бир йилда 17 мингтадан ортиқ юрак соҳасидаги операциялар амалга ошириладиган А.Н.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги илмий-текшириш марказининг аспирантурасига таклиф қилди.
Мазкур тиббиёт масканидаги фаолияти давомида Камолиддин Раҳмонов ўз касбининг чин маънодаги устаси даражасига етди. Мураккаб операциялар жараёнида иштирок этиб, тажриба тўплади. Клиниканинг энг тажрибали ходимлари сафидан жой олди.
– Бир неча йил Россияда фаолият олиб борган бўлсам-да, хаёлим доим Ўзбекистонда бўлган, - дейди Камолиддин Раҳмонов. – Сўнгги йилларда Президентимиз мамлакатимиз тиббиёти ривожи учун хизмат қиладиган қатор фармон ва қарорларни имзоладилар. Шу боис бир тиббиёт мутахассиси сифатида айта оламанки, юртимизда тиббиёт халққа яқинлашди. Беморларга, хусусан, юрак-қон томирлари соҳасида ҳам сифатли тиббий ёрдам кўрсатишга ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистонга қайтдим. Ўтган йили Москвадаги Бакулев клиникасида фаолият юритаётган қорақалпоғистонлик дўстим, тажрибали жарроҳ Даулетбай Жугинисовни ҳам Фарғонага чақирдик. Айни кунда биз фаолият юритаётган Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Фарғона минтақавий филиалида вилоят ҳокимлигининг моддий ёрдами асосида юрак-қон томирларида мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказиш учун барча шароит яратилган. Биргина ўтган йил давомида Даулетбой билан ҳамкорликда 300 тадан ортиқ жарроҳлик амалиётини ўтказдик.
Чиндан ҳам кейинги йилларда юртимизда сифатли тиббиётни халққа яқинлаштириш йўлида жиддий ўзгаришлар юз бермоқда. Авваллари фақат хорижий давлатларда амалга ошириладиган мураккаб турдаги жарроҳлик амалиётларини вилоятларда ҳам ўтказиш имконияти яратиляпти. Бу ижобий жараён, табиийки, Камолиддин Раҳмонов каби хорижий мамлакатлардаги нуфузли клиникаларда фаолият юритаётган юқори малакали шифокорларнинг юртимизга қайтишига туртки бераётгани айни ҳақиқат.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/JSQ_Y-eqD8c" title="Oʻzbekistonga qaytganim – baxtim!" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Муқимжон Қодиров (сурат, видео) ЎзА