Ўзбекистонга кўчиб келаётганлар сони 2,5 баробар ошди
Хориждан доимий яшаш учун Ўзбекистонга кўчиб келаётганларнинг асосий қисми Россия, Қозоғистон ва Тожикистон фуқароларидир.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон нафақат меҳнат миграцияси, балки доимий яшаш учун кўчиб келаётган хорижликларнинг ҳам эътибор марказида бўлмоқда. Буни расмий статистикадаги рақамлар ҳам тасдиқлайди. Хусусан, 2026 йилнинг биринчи ярмида хорижий давлатлардан Ўзбекистонга доимий яшаш мақсадида кўчиб келганлар сони сезиларли даражада ошган.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил январь–июнь ойларида 1 минг 649 нафар киши хориждан Ўзбекистонга доимий яшаш учун кўчиб келган. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 976 нафарга кўп бўлиб, ўсиш 2,5 баробарни ташкил этган. Хориждан Ўзбекистонга кўчиб келганларнинг аксарияти қўшни ва яқин давлатлар ҳиссасига тўғри келади.
Келувчилар орасида биринчи ўринни Россия эгаллаган — ушбу давлатдан 580 нафар киши Ўзбекистонда доимий яшаш учун кўчиб келган. Иккинчи ўринда Қозоғистон бўлиб, у ердан 362 нафар киши кўчиб келган. Тожикистондан 147 нафар фуқаро Ўзбекистонни доимий яшаш жойи сифатида танлаган. Қолган 560 нафар киши эса бошқа хорижий давлатлардан кўчиб келган. Шундай қилиб, Россия, Қозоғистон ва Тожикистондан келганлар жами 1 минг 89 нафарни ташкил этиб, хориждан доимий яшаш учун кўчиб келганларнинг салмоқли қисмини ташкил қилган.
Ҳудудлар кесимидаги рақамлар ҳам эътиборга молик. Хориждан Ўзбекистонга кўчиб келганларнинг мутлақ кўпчилиги пойтахт ва пойтахт вилоятида жойлашган. Жумладан, Тошкент шаҳрига 1 минг 89 нафар, Тошкент вилоятига эса 269 нафар киши доимий яшаш учун кўчиб келган. Бу икки ҳудуднинг ўзига жами 1 минг 358 нафар киши кўчиб келган бўлиб, умумий кўрсаткичнинг қарийб 82 фоизини ташкил этади. Қорақалпоғистон Республикаси 115 нафар билан кейинги ўринда қайд этилган. Қолган ҳудудларда кўрсаткич анча паст бўлган: Навоий вилоятига — 31 нафар, Самарқандга — 22 нафар, Хоразмга — 21 нафар, Сурхондарёга — 18 нафар, Сирдарё ва Фарғонага — 15 нафардан, Бухоро ва Наманганга — 13 нафардан, Жиззахга — 12 нафар, Андижонга — 11 нафар ҳамда Қашқадарёга 5 нафар киши кўчиб келган.
Рақамлардан кўриниб турибдики, хориждан доимий яшаш учун Ўзбекистонга кўчиб келаётганлар учун Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти энг жозибадор ҳудудлар бўлиб қолмоқда. Бу ҳолатни пойтахтда иқтисодий фаолликнинг юқорилиги, меҳнат бозори имкониятларининг кенглиги, таълим ва тиббиёт хизматларининг нисбатан ривожлангани, замонавий инфратузилма ҳамда транспорт имкониятлари билан изоҳлаш мумкин. Қолаверса, Россия, Қозоғистон ва Тожикистон каби давлатлар билан тарихий, иқтисодий ва оилавий алоқаларнинг мавжудлиги ҳам миграция жараёнларига таъсир кўрсатиши табиий.
Шу ўринда айтиш жоиз, 2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга доимий яшаш учун кўчиб келувчилар оқими сезиларли даражада кўпайган. Бу эса мамлакатдаги миграция жараёнларини кузатиш ва унинг иқтисодий ҳамда ижтимоий таъсирини ўрганиш заруратини янада оширади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА