Ўзбекистонда “яшил” ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди
Тошкентда “Сув-иқлим хатарларининг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири ва “яшил” ривожланиш имкониятлари” мавзусида халқаро илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. Анжуман миллий иқтисодиётнинг иқлим ўзгаришларига чидамлилигини ошириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва кам углеродли ривожланиш моделига ўтиш масалаларига бағишланди.
Семинар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти, Россиянинг “Олий иқтисодиёт мактаби” Миллий тадқиқот университети, ГПБ Банки (АЖ) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон ва Россиянинг давлат органлари, илмий-тадқиқот марказлари, олий таълим муассасалари ҳамда молия институтлари вакиллари иштирок этди. Жумладан, иқтисодиёт, молия, энергетика, сув хўжалиги ва транспорт вазирликлари, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Миллий статистика қўмитаси ҳамда икки мамлакатнинг соҳавий илмий ва таълим ташкилотлари мутахассислари қатнашди.
Россия экспертлар жамоаси таркибидан «Олий иқтисодиёт мактаби» Миллий тадқиқот университети, Табиий ресурслар иқтисодиёти ва иқлим ўзгариши институти, Россия Фанлар академиясининг А. М. Обухов номидаги Атмосфера физикаси институти ва бошқа илмий муассасалар олимлари ўрин олди.
Иштирокчилар сув ва иқлим хатарларининг Ўзбекистон иқтисодиёти, саноати, қишлоқ хўжалиги, ташқи савдоси ҳамда аҳоли турмуш сифатига узоқ муддатли таъсирини муҳокама қилди. Қайта тикланувчи энергия манбалари ва электр транспортни ривожлантириш, кам углеродли технологияларни жорий қилиш, энергия самарадорликни ошириш ва углеродни тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Иқлим ўзгариши ва сув ресурслари танқислиги нафақат экологик, балки муҳим ижтимоий-иқтисодий муаммога айланиб бораётгани таъкидланди.
Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси маслаҳатчиси Алишер Саломов семинарда сўзга чиқиб, иқтисодиётнинг ўзгариб бораётган иқлим шароитларига мослаштиришда изчил ёндашув зарурлигини таъкидлади.
– Бугунги кунда иқлим ўзгариши ва сув ресурслари танқислиги масалалари шунчаки экологик кун тартиби доирасидан чиқиб бўлди. Мазкур муаммолар миллий иқтисодиёт барқарорлиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлиги, энергетика хавфсизлиги, саноат тараққиёти ҳамда аҳоли турмуш даражасини оширишга бевосита таъсир кўрсатмоқда. Ушбу таҳдидлар Ўзбекистондан ўз вақтида амалга ошириладиган, тизимли ва иқтисодий жиҳатдан асосланган ечимларни талаб этади. Ҳаво ҳароратининг кўтарилиши, қурғоқчилик ва сув ресурсларига бўлган босимнинг кучайиши бутун бошли тармоқларнинг заифлигини оширмоқда. Бундай шароитда асосий вазифамиз фақат иқлим хавфларини камайтириш билан чекланиб қолмай, балки содир бўлаётган ўзгаришларга иқтисодиётнинг чидамлилигини изчил оширибни кўзда тутади. Биз “яшил” ривожланишга иқтисодий ўсишнинг муқобили ўрнида эмас, балки узоқ муддатли барқарорлик ва рақобатбардошликнинг асосий шарти сифатида қараймиз. Сув ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, энергия самарадорлигини ошириш ҳамда замонавий технологияларни жорий этиш иқтисодиётни модернизация қилиш, янги инвестицияларни жалб этиш ва ўсиш нуқталарини шакллантиришда кенг имкониятлар очади.
Семинар якунида иштирокчилар келгуси илмий ва амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб олди. Илмий маълумотлар ва тажриба алмашинувини кенгайтириш, иқлим прогнозини такомиллаштириш, шунингдек, муайян ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқлари учун манзилли тавсиялар тайёрлаш шулар жумласидандир.
Иқтисодиёт ва аҳолининг сув ҳамда иқлим ўзгаришларига мослашиши бўйича узоқ муддатли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, тармоқ ва ҳудудий дастурларни такомиллаштириш, “яшил” ривожланишнинг устувор йўналишларини белгилаш ва иқлим лойиҳаларига молиявий ресурсларни жалб этишда илмий тадқиқотлар натижаларидан амалий фойдаланишга алоҳида аҳамият қаратилди.
Тадбир доирасида тақдим этилган маърузалар ва махсус атлас муҳим бошқарув қарорларини ишлаб чиқишда асосий манба бўлиб хизмат қилади. Улардан фойдаланиш инвестиция устуворликларини аниқроқ белгилаш, сув исрофини камайтириш, ишлаб чиқариш жараёнларини модернизация қилиш ҳамда энергия таъминоти ишончлилигини оширишга ёрдам беради.
Иштирокчилар давлат тузилмалари, илмий марказлар, халқаро молия институтлари ва технологик марказлар саъй-ҳаракатларини бирлаштириш иқлим хатарларини самарали камайтириш, сув ва энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Семинар иқлимга мослашиш ҳамда Ўзбекистонда “яшил” ривожланишнинг барқарор моделини шакллантиришда халқаро илмий ҳамкорлик ҳал қилувчи ўрин тутишини яна бир бор тасдиқлади.
Азиза Алимова, ЎзА