Ўзбекистонда сув таъминоти соҳасида қандай ўзгаришлар кутилмоқда?
Тошкентда Ўзбекистонда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимларини ривожлантириш бўйича донорлар фаолиятини мувофиқлаштиришга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
“Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан ташкил этилган тадбирда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, тармоқни ривожлантиришга йўналтирилган сармоя лойиҳалари, шунингдек, халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда соҳани модернизация қилиш, хизматлар сифатини ошириш ва аҳолини ичимлик суви ҳамда оқова сув хизматлари билан қамраб олиш даражасини кенгайтиришда донорлар билан ҳамкорликни самарали мувофиқлаштириш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Бу борада сўнгги даврда қабул қилинган муҳим ҳужжатлар соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқмоқда. Хусусан, 20 июль куни давлатимиз раҳбари ичимлик ва оқова сув хизматларини янада яхшилаш чора-тадбирлари юзасидан тақдимот билан танишиб, лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, хизматлар қамровини кенгайтириш, корхоналарнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш, соҳани рақамлаштириш ҳамда аҳоли учун қулайликларни ошириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди.
24 июль куни эса соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, бошқарув ва молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш, хизматлар самарадорлигини оширишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини янада яхшилашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
“Ўзсувтаъминот” АЖ раиси Аҳмад Сувонқуловнинг таъкидлашича, фармон соҳадаги ислоҳотларни амалий жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш, бошқарув тизимини такомиллаштириш ва молиявий барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
– Мазкур ҳужжат билан соҳадаги йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни тизимли ҳал этишга қаратилган аниқ механизмлар белгилаб берилди. Айниқса, ичимлик сувини ишлаб чиқариш ва сотиш фаолиятини ажратиш, магистраль сув таъминоти тизимини шакллантириш, ягона тариф сиёсатини жорий этиш, молиявий оқимларни тартибга солиш ҳамда замонавий ҳисобга олиш тизимларини кенгайтириш соҳанинг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
[gallery-31446]
Энг муҳими, бу ўзгаришлар нафақат тармоқ корхоналарининг барқарор ишлашини таъминлайди, балки аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ва соҳани замонавий талаблар асосида ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратади, – деди Аҳмад Сувонқулов.
Фармон билан соҳадаги ислоҳотларни амалга ошириш бўйича 12 та илова асосида аниқ мақсад ва вазифалар белгиланди. Жумладан, тармоқ инфратузилмасини ривожлантириш, устувор шаҳар ва туманларда лойиҳаларни амалга ошириш, сув ҳисоблагичларини ўрнатиш, кўча сув тармоқларини ташкил этиш, давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳаларни рўёбга чиқариш ҳамда соҳани ривожлантириш бўйича “йўл харитаси”ни амалга ошириш кўзда тутилган.
Ҳужжатга мувофиқ, ичимлик сувини ишлаб чиқариш ва сотиш фаолияти алоҳида ажратилади. Шу мақсадда магистрал сув таъминоти билан шуғулланувчи “Магистраль сув таъминоти” АЖ ва унинг ҳудудий филиаллари ташкил этилади. Бунда магистраль тармоқлар ва сув тақсимлаш иншоотлари ягона тизимга бирлаштирилиб, ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича алоҳида ҳисоб юритилади.
Соҳада ягона инвестиция муҳитини шакллантиришда тариф сиёсати ҳам муҳим ўрин тутади. Ҳозиргача ҳудудларда тарифларни белгилаш ва тасдиқлашдаги турлича ёндашувлар сармоя жараёнларига таъсир кўрсатиб келган.
2027 йил 1 январдан тарифларни тасдиқлаш ваколати Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссиясига ўтказилади. Магистраль сув корхонаси томонидан ҳудудий сув таъминоти корхоналарига етказиб бериладиган ичимлик суви учун ягона улгуржи тариф жорий этилади.
Шунингдек, 2027 йил 1 январдан “Ўзсувтаъминот” АЖ ва тизим ташкилотларининг молиявий маблағлари ғазначилик тизими орқали ўтказилиб, ягона консолидацияланган баланс шакллантирилади.
Тармоқни рақамлаштириш доирасида сув ишлаб чиқариш объектлари ва янги магистраль сув тармоқларига фақат маълумотларни масофадан узатиш имконини берувчи замонавий сув ҳисоблагичлари ўрнатилади. Жами 7 минг 577 та ҳисоблагич ўрнатилиши режалаштирилган бўлиб, шундан 4 минг 837 таси Осиё тараққиёт банки лойиҳалари, 2 минг 740 таси давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Уларни ўрнатиш ишлари 2026 йилда 2 минг 560 та, 2027 йилда 2 минг 239 та ва 2028 йилда 2 минг 778 та ҳисоблагични қамраб олади.
Айни пайтда соҳа ривожида халқаро ҳамкорлик ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Франция тараққиёт агентлиги, Осиё инфратузилма инвестициялар банки каби халқаро молия институтлари билан қиймати 2 миллиард доллардан зиёд бўлган 21 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
Халқаро ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг амалий натижалари Сирдарё вилояти мисолида ҳам яққол намоён бўлмоқда.
Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан фақат Сардоба эмас, айнан Сирдарё вилоятининг Сирдарё, Гулистон ва Сайхунобод туманлари ҳамда Янгиер шаҳрида ичимлик суви таъминотини, шунингдек, 5 та туман марказида оқова сув таъминотини яхшилаш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида Сайхунобод туманининг 13 та маҳалласи қамраб олинган. Ҳозирда туманнинг 6 та маҳалласида қурилиш ишлари деярли якунига етган, қолган ҳудудларда ҳам ишлар давом этмоқда.
– Ўрганишларимиз давомида қурилиш ишлари яхши суръатда олиб борилаётганига гувоҳ бўлдик. Сайхунобод туманининг 6 та маҳалласида ишлар деярли якунига етган, қолган ҳудудларда ҳам жараён давом этмоқда. Ўзбекистонда сув таъминоти соҳасига Президент даражасида алоҳида эътибор қаратилаётганини кўриб турибмиз. Биз ҳам ўз лойиҳаларимиз орқали мазкур муҳим соҳанинг ривожига ҳисса қўшаётганимиздан мамнунмиз, – дейди Жаҳон банкининг Марказий Осиёдаги координатори Одете Муксимпуа.
Бундан ташқари, яна 14 та истиқболли инвестиция лойиҳаси шакллантирилган. Уларнинг 2 таси бўйича жорий йилда кредит ва грант битимлари имзоланиб, амалий ишлар бошланган. Қолган лойиҳалар бўйича эса лойиҳадан олдинги ҳужжатларни ишлаб чиқиш, техник-иқтисодий асосларни тайёрлаш ва молиялаштириш шартларини келишиш ишлари олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, “Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан умумий қиймати 1,1 миллиард доллар бўлган 7 та давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш чоралари кўрилмоқда. Мазкур лойиҳалар соҳада замонавий технологияларни жорий этиш, хизматлар сифатини ошириш, хусусий инвестицияларни жалб қилиш ва бошқарув самарадорлигини юксалтиришга хизмат қилади.
Давра суҳбатида халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, хорижий тажрибани ўрганиш ва соҳада замонавий ечимларни кенг жорий этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Нилуфар Бозорова, Ойбек Пардаев (сурат) ЎзА