Ўзбекистонда солиқларнинг ихтиёрий тўлов даражаси 88 фоизга етди
Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, 2026 йилда Ўзбекистонда солиқ мажбуриятларини ўз вақтида ва ихтиёрий бажариш даражаси эътиборли кўрсаткичларга эришди. Январь-март ойларида республика бўйича юридик ва жисмоний шахслар томонидан солиқларнинг ихтиёрий тўланиш даражаси 88 фоизни ташкил қилди. Бу мамлакатимизда рақамлаштириш ва солиқ назорати механизмлари самарали амал қилиши, шунингдек, солиқ тўловчиларнинг масъулиятли ёндашуви билан боғлиқ эканини кўрсатади.
Солиқ тизимидаги фаол рақамлаштириш, электрон ҳисоблар, SMS ва онлайн хизматлар орқали маълумот бериш механизмлари фуқароларнинг солиқ мажбуриятларига эътиборли бўлишини таъминламоқда. Шунингдек, 2025 йил давомида “Soliq Hamkor” тизими орқали солиқ қонунчилиги бузилишларини хабар қилган фуқароларга маблағ мукофотлари тўланган, жорий солиқ назорати тизимининг очиқлиги ва жамоатчилик фаоллиги ошган. Масалан, 2026 йилнинг январь ойида солиқ органларининг мажбуриятларни бажариш бўйича ягона маълумотлар тизими орқали фуқароларга умумий 3 миллиард сўм мукофот тўланган. Бу тизим орқали қабул қилинган 12 486 та аризанинг 99 фоизида солиқ қонунларининг бузилиши тўғрисидаги ҳолатлар тасдиқлан.
Солиқ турлари бўйича бажарилиш даражасига эътибор қаратадиган бўлсак, ер қаридан фойдаланганлик учун солиқ 100 фоизни, фойда солиғи 98 фоизни, ЖШОДС (жисмоний шахслардан олинадиган солиқ) 96 фоизни, ҚҚС (қўшилган қиймат солиғи) 91 фоизни, мол-мулк солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ 88 фоизни ташкил этган. Шунингдек, акциз солиғи ва ер солиғи 86 фоизни, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ 62 фоизни ташкил этган.
Юқори кўрсаткичлар солиқларнинг турлари бўйича солиқ тўловчиларнинг масъулият билан тўловларни ўз вақтида амалга ошираётганидан далолат беради.
Солиқ мажбуриятларининг ўз вақтида ва ихтиёрий бажарилиши нафақат давлат бюджетини мустаҳкамлашга хизмат қилади, балки иқтисодий барқарорлик учун муҳим омил ҳисобланади. Қолаверса, кўпчилик корхоналар ва фуқаролар учун солиқ ҳисоботларини электрон тарзда топшириш имконияти солиқ назоратини осонлаштирган.
Бундан ташқари, солиқ тўловчиларни рағбатлантириш мақсадида давлат томонидан жорий этилган мукофот тизимлари ва рақамли платформалар солиқ тўловчиларни фаол иштирок этишга ундайди. Булар 2025 йилда ҳам кенг қўлланилган ва солиқ ҳисоботлари ҳамда тўловлар сонининг ўсишига ижобий таъсир кўрсатган.
Ш.Маматуропова,
ЎзА