Ўзбекистонда сайёҳлар учун 32 та янги меҳмонхона барпо этилди
Мамлакатимизда туризм инфратузилмасини замонавий талаблар асосида ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар натижасида меҳмонхона хўжалигида ҳам сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда.
Сайёҳлар оқими ортиб бораётган бир пайтда уларни муносиб кутиб олиш, қулай шароит ва сифатли хизмат кўрсатиш учун янги меҳмонхоналар барпо этилмоқда. Туризм қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, сўнгги уч йилда мамлакатимизда юлдузли тоифага эга 32 та янги меҳмонхона қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Уларнинг 28 таси 3 юлдузли, 2 таси 4 юлдузли ва 2 таси 5 юлдузли меҳмонхоналардир. Янги объектлар ҳисобига жами 3 279 та хона ва 6 280 та ўрин яратилди.
Бу эса Ўзбекистоннинг ички ва хорижий сайёҳларни қабул қилиш имкониятларини янада кенгайтирмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналар юқори тўлов қобилиятига эга сайёҳларни жалб қилишда муҳим ўрин тутади. Бундай меҳмонлар саёҳат давомида кўпроқ маблағ сарфлайди, ресторан, транспорт, кўнгилочар ва бошқа премиум хизматлардан фойдаланади. Натижада туризмдан тушадиган даромад ҳам ортади.
Янги меҳмонхоналарнинг барпо этилиши тасодифий эмас. Соҳани рағбатлантириш мақсадида давлат бюджетидан 156 миллиард 410 миллион сўм субсидия ажратилди.
Шу тариқа, янги меҳмонхоналар нафақат сайёҳлар учун қўшимча ўринлар яратмоқда, балки Ўзбекистоннинг замонавий ва рақобатбардош туристик йўналиш сифатидаги салоҳиятини ҳам оширмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА