Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги фаолияти ҳисобига оид илк миллий стандарт ишлаб чиқилди
Қишлоқ хўжалиги соҳасида молиявий ҳисобот тизимини такомиллаштиришга қаратилган мазкур миллий стандарт Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан тайёрланди. Ҳужжат бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботларни шакллантиришнинг ягона ёндашувларини белгилашга қаратилган.
“Қишлоқ хўжалиги фаолияти ҳисоби” Молиявий ҳисоботнинг миллий стандарти (МҲМС) биологик активлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, ҳосилдор ўсимликлар ҳамда уларни бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботда акс эттириш тартибларини белгилайди.
Стандарт 41-сонли халқаро молиявий ҳисобот стандарти тамойиллари асосида ҳамда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг ўзига хос хусусиятлари инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқилган. Унда фермер хўжаликлари, агрокластерлар, пахтачилик, ғаллачилик, боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик ва пиллачилик каби йўналишларнинг амалий жиҳатлари ҳисобга олинган.
Мазкур ҳужжат Ўзбекистон тарихида қишлоқ хўжалиги фаолияти ҳисобини юритишга бағишланган биринчи алоҳида миллий стандарт ҳисобланади. У қишлоқ хўжалиги соҳасида молиявий маълумотларнинг ишончлилиги ва таққосланувчанлигини таъминлаш, ҳисоб юритиш жараёнларини соддалаштириш ҳамда соҳага инвестицияларни жалб қилиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Вазирлик ахборот хизматининг маълум қилишича, айни пайтда ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган бўлиб, тадбиркорлик субъектлари, мутахассислар ва кенг жамоатчиликнинг таклиф ҳамда мулоҳазалари қабул қилинмоқда.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА