Ўзбекистонда пул ўтказмаларининг янги усули ишга тушди
Марказий банк турли банклар мижозларининг ҳисобварақлари ўртасида тўғридан-тўғри пул ўтказмаларини амалга ошириш имконини берувчи Account-to-Account (A-A) сервисини ишга туширди.
Марказий банк матбуот хизмати маълумотига кўра, эндиликда жисмоний шахслар маблағларни бир банк ҳисобварағидан бошқасига тўғридан-тўғри ўтказиши мумкин. Ушбу сервис Президентнинг 2025 йил 10 декабрдаги фармони ижроси доирасида жорий этилмоқда. Янги тизим рақамли молиявий технологияларни ривожлантириш ва фойдаланувчилар учун қулайликларни оширишга қаратилган.
Account-to-Account (A-A) тизими турли банклар мижозларининг ҳисобварақлари ўртасида бевосита пул ўтказмаларини таъминлайди. Бу усул банк картаси рақамлари орқали амалга ошириладиган анъанавий P2P ўтказмаларидан фарқ қилади. Янги форматда операциялар тўғридан-тўғри банк ҳисобварақлари орқали амалга оширилади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу янги карта эмас ва алоҳида карта очиш талаб этилмайди. Мавжуд банк иловасида пул ўтказиш усули сифатида танланади ва хизмат турини белгилаш орқали амалга оширилади.
Сервис фаолияти учун зарур техник инфратузилма Марказий банкнинг Ахборотлаштириш бош маркази томонидан яратилди. Ҳозирда ушбу тизим барча банкларда техник жиҳатдан жорий этилган.
Шу билан бирга, амалдаги P2P пул ўтказмалари ҳам сақланиб қолади. Account-to-Account (A-A) эса қўшимча ва янада қулай имконият сифатида таклиф этилмоқда.
Сервисдан фойдаланиш учун комиссия тўловлари ҳар бир банк томонидан мустақил равишда белгиланади. Комиссия миқдори банк ва хизмат турига қараб фарқ қилиши мумкин.
Марказий банк тарифлар шакллантирилишида регулятор аралашмаслигини таъкидлаб, фойдаланувчиларга пул ўтказишдан олдин банкларнинг шартлари ва комиссияларини таққослаб чиқишни тавсия қилди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА