Ўзбекистонда ННТлар қандай ривожланмоқда?
Эркин фуқаролик жамиятини шакллантириш, аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш йўлида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Натижада аҳолининг фаоллиги ошмоқда. Буни нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) сони йилдан-йилга ортиб бораётганида кўриш мумкин. Бугунги кунда сони 10 мингдан ошган бундай тузилмаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўлами ҳам ошди.
Жумладан, ННТни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддатлари икки ойдан бир ойга қисқартирилди.
Жорий этилган ахборот тизимлари натижасида ННТларни қайта рўйхатдан ўтказиш, шунингдек, уларнинг рамзларини рўйхатдан ўтказиш муддати икки бараварга – 15 кунгача қисқартиртирилди.
Республика ННТларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи ставкалари БҲМнинг 4 бараваридан 3 бараварига, вилоят ННТлари учун – 2 бараваридан 1 бараварига пасайтирилди. Уларни тугатиш ёки фаолиятини тўхтатиш фақат суд қарори асосида амалга оширилади.
ННТлар ўз тадбирлари/дастурларини ўтказиш бўйича хабардор қилиш тартибига ўтганига 4 йил бўлди. Натижада улар ўз фаолиятларида ҳақиқатдан ҳам эркинликни ҳис қилмоқда.
ННТларнинг молиявий эркинлиги кенгайтирилди. Эндиликда улар бир календарь йилидаги жами суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваригача бўлган пул маблағларини олишда рўйхатдан ўтказувчи органни хабардор қилиши кифоя.
Хорижий донорлардан пул маблағларини олиш тартиби соддалаштирилди. ННТлар грант маблағларини исталган банклардаги ҳисоб рақамларига қабул қилиш имкониятига эга бўлди.
Президент фармони билан тасдиқланган Фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш натижасида 2021 йилда фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш ҳажми давлат томонидан 2020 йилга нисбатан 2 бараварга оширилиб, 75,8 миллиард сўмга етказилди.
Адлия вазирлиги томонидан “Нодавлат нотижорат ташкилотлари соҳасидаги янги тартиблар ва ўзгаришлар” мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз юритилди.
2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига асосан 2025 йилда эришилиши лозим бўлган кўрсаткич 2021 йилнинг ўзида 20 фоизга ошириб бажарилди. 150 нафар нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари учун Давлат бошқаруви академиясида малака ошириш курслари ташкил этилди.
Манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун нодавлат нотижорат ташкилотларига бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан бериладиган давлат ижтимоий буюртмаларининг 2021–2023 йилларга мўлжалланган режалари тасдиқланиб, улар доирасида 50 дан ортиқ ижтимоий буюртмалар бажарилади.
Нодавлат нотижорат ташкилотларига 2021 йилнинг ўзида 11 мингдан зиёд давлат хизматлари электрон шаклда кўрсатилди.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг очиқлик стандарти (индекси) ишлаб чиқилиб, Стандарт асосида йилнинг энг шаффоф ННТлар топ-20 талиги эълон қилинди.
Шаффоф хайрия ва ҳомийлик тизимини йўлга қўйиш мақсадида “Шаффоф хайрия” (shaffofxayriya.uz) портали ишга туширилди.
Волонтёрлик фаолияти ҳисобини олиб бориш ва йўналтириш имконини таъминловчи unions.uz ягона интерактив портали ишга туширилди.
Ҳудудларда “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари” ташкил этилиб, 500 тага яқин нодавлат нотижорат ташкилотларининг бино билан боғлиқ муаммолари ҳал этилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА