Ўзбекистонда ижарадан солиқ тушумлари 194 миллиард сўмга етди
Ўзбекистонда ижара муносабатларини расмийлаштириш жараёни ортиб бормоқда. Солиқ органлари маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–февраль ойларида 469 мингдан ортиқ ижара шартномаси рўйхатдан ўтказилган ва улар асосида жами 193,9 миллиард сўм солиқ ҳисобланган. Бу кўрсаткичлар мамлакатда ижара бозори фаоллиги ва солиқ тартибининг шаклланаётганини яққол кўрсатади.
Жисмоний шахслар орасида тузилган 334,4 мингта ижара шартномаси асосида 148,7 миллиард сўм даромад солиғи йиғилган. Бу кўрсаткичлар 2025 йилнинг январь–февраль ойларига нисбатан шартномалар сони 16,8 фоизга, ҳисобланган даромад солиғи суммаси эса 115,2 фоизга ўсганини кўрсатади.

Мутахассислар фикрича, аҳоли ўртасида ижара муносабатларини расмийлаштириш ортиб бораётгани солиқ тушумларини кўпайтириш, ижара бозорини шаффофлаштириш ва қонуний даромад манбаи шакллантиришга хизмат қилади.
Юридик шахслар томонидан тузилган 134,7 мингта ижара шартномаси асосида 45,2 миллиард сўм солиқ йиғилган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан шартномалар сони 24,8 фоизга, солиқ тушумлари 19,1 фоизга ошган.
Бу кўрсаткичлар бизнес субъектлари ҳам ижара бозорида фаоллик кўрсатиб, расмий шартномалар орқали солиқ тушумларига ҳисса қўшишини кўрсатади.
Ўй-жойларни талабаларга ижарага беришдан олинган даромадлар солиқдан озод қилинган. 2026 йилнинг январь–февраль ойларида бу имтиёзлар доирасида 19 миллиард сўм солиқ енгиллиги берилган. Шу даврда 74,9 мингдан ортиқ ижара шартномаси талабалар билан тузилган, ижарада яшовчи талабалар сони 106 минг 396 нафарни ташкил қилган.
Бу имтиёзлар нафақат талабалар учун арзон ва қулай уй-жой топиш имконини яратади, балки уй эгаларини расмий ижара шартномаси тузишга рағбатлантиради.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА