Ўзбекистонда исломий банк хизматларини лицензиялаш бошланди
Банклар учун исломий молия хизматларини кўрсатиш бўйича лицензиялаш жараёни бошланди. Дастлаб анъанавий банклар таркибида «исломий дарча»лар ишга туширилиши, кейинчалик эса тўлиқ исломий банклар фаолияти йўлга қўйилиши кутилмоқда.
Ўзбекистонда исломий молия хизматларини амалиётга жорий этиш борасида янги босқич бошланди. Марказий банк исломий молия хизматларини кўрсатиш истагида бўлган тижорат банкларини лицензиялаш жараёнини бошлади. Бу ҳақда Тошкентда бўлиб ўтган “Silk Road Finance & Technology Forum”да Марказий банк раиси ўринбосари Санжар Носиров маълум қилди.
Янги тартиб мамлакат банк-молия тизимида исломий молия тамойилларига асосланган хизматларни қонуний ва тизимли равишда йўлга қўйиш имконини беради. Бунда банклар учун икки турдаги лицензия назарда тутилмоқда.
Биринчи турдаги лицензия тўлиқ исломий молия хизматларини кўрсатадиган алоҳида исломий банклар учун берилади. Иккинчи турдаги лицензия эса амалдаги тижорат банкларига ўз таркибида «исломий дарча» очиш ва алоҳида йўналиш сифатида исломий банк маҳсулотларини таклиф қилиш имконини беради.
Ҳозирча Ўзбекистонда бирор банк исломий молия хизматларини кўрсатиш учун мазкур лицензияни олмаган. Бироқ Марказий банк маълумотига кўра, лицензиялаш жараёни бошланган ва дастлаб анъанавий тижорат банклари таркибида «исломий дарча»лар фаолияти йўлга қўйилиши кутилмоқда.
Санжар Носировнинг таъкидлашича, жараён белгиланган муддатларда амалга оширилса, 2026 йил охирига қадар Ўзбекистонда илк исломий банк хизматлари таклиф этилиши мумкин.
Бу аҳоли ва тадбиркорлар учун банк хизматларидан фойдаланишда янги имкониятларни яратади. Хусусан, исломий молия тамойилларига асосланган инвестициявий омонатлар, молиялаштириш ва бошқа маҳсулотлар банк хизматлари қаторига қўшилиши мумкин.
Исломий молиянинг асосий хусусияти — молиявий операцияларни шариат тамойиллари ва белгиланган қоидалар асосида амалга оширишдир. Бунда фоизга асосланган анъанавий кредитлаш ўрнига савдо, ижара, шериклик ва инвестицияга асосланган молиявий инструментлардан фойдаланилади. Жумладан, муробаҳа, мудораба, вакала, ижара ва истисно каби инструментларни амалиётга жорий этиш кўзда тутилмоқда. Масалан, мудораба ва вакала механизмлари орқали банклар аҳолидан маблағ жалб қилиб, уларни белгиланган тартиб ва исломий молия тамойиллари асосида инвестиция қилиши мумкин. Муробаҳа эса товар ёки активни банк томонидан сотиб олиб, белгиланган устама билан мижозга сотишга асосланган молиявий инструментлардан бири ҳисобланади.
Янги хизматлар фақат банк офислари билан чекланиб қолмаслиги, келгусида мобил иловалар ва онлайн платформалар орқали ҳам тақдим этилиши режалаштирилган. Мувофиқлик устидан назорат кучайтирилади. Исломий молия тизимини жорий этишда хизматларнинг белгиланган стандартларга мувофиқлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Янги тизим доирасида Марказий банк ҳузурида Исломий молия кенгаши, исломий молия хизматларини кўрсатувчи банкларнинг ўзида эса алоҳида кенгашлар фаолият юритиши кўзда тутилган.
Ушбу тузилмалар исломий молия маҳсулотлари ва операцияларининг белгиланган талабларга мувофиқлигини назорат қилишда муҳим ўрин тутади. Исломий банк фаолияти учун ҳуқуқий асос яратган қонун 2026 йил 29 июлдан кучга кирган. Бу эса Ўзбекистон банк-молия тизимида янги йўналишни шакллантириш учун ҳуқуқий пойдевор яратди. Режага кўра, 2026 йилда камида битта тижорат банкида «исломий дарча» фаолиятини йўлга қўйиш, 2026–2030 йиллар давомида эса тўлиқ исломий банк фаолиятини амалга оширадиган иккита банк ташкил этиш кўзда тутилган.
Экспертлар нуқтаи назаридан, исломий молия хизматларининг жорий этилиши Ўзбекистон банк бозорида маҳсулотлар турини кенгайтириш, аҳоли ва тадбиркорларга муқобил молиялаштириш имкониятларини яратиш ҳамда молия бозорида рақобатни кучайтиришга хизмат қилиши мумкин. Шу тариқа, Ўзбекистонда исломий молия энди фақат алоҳида молиявий инструмент сифатида эмас, балки банк тизимининг янги ва қонуний тартибга солинадиган йўналиши сифатида шаклланмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА