Ўзбекистонда илк бор колоректал саратонни эрта аниқлаш бўйича миллий дастур амалга оширилади
Тошкент шаҳрида Ўзбекистон анкологлар ассоциацияси, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда халқаро "Gustave Roussy International" Ўзбекистон тиббиёт маркази ҳамкорлигида колоректал саратонни эрта аниқлашга бағишланган халқаро таълим дастури бошланади.
Мазкур лойиҳа доирасида АҚШ, Буюк Британия ва Ўзбекистоннинг етакчи мутахассислари иштирокида амалий маҳорат дарслари, илмий семинарлар ва клиник муҳокамалар ўтказилиши режалаштирилган.
Дастурнинг асосий мақсади – колоректал саратонни эрта аниқлаш самарадорлигини ошириш, замонавий колоноскопия техникаларини амалиётга жорий этиш ҳамда соҳа мутахассисларининг касбий кўникмаларини такомиллаштиришдан иборат.
Халқаро экспертлар жамоаси қаторида Анне Лиу, Пранай Синха, Дэвис Харнетт, Нилуфар Қаҳҳорова, Якоб Доктерман ва Селвин Маррокин каби таниқли хорижий ҳамда маҳаллий мутахассислар иштирок этади.
Маҳорат дарсларида “Замонавий колоноскопия техникаси ва усуллари”, “Йўғон ичакни сифатли ва тўлиқ кўздан кечириш”, “Полиплар ва эрта неопластик ўзгаришларни ўз вақтида аниқлаш”, “Шубҳали ҳосилаларни баҳолаш ва эндоскопик текширув сифатини ошириш”, “Мураккаб клиник ҳолатларни халқаро экспертлар билан биргаликда муҳокама қилиш” сингари муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратилади.
Анжуманда эндоскопистлар, колопроктологлар, онкологлар, гастроэнтерологлар, жарроҳлар, патоморфологлар ҳамда ушбу йўналишдаги бошқа тиббиёт ходимлари қатнашади.
5-6 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида – Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази, “Gustave Roussy International” Ўзбекистон марказида, 8-9 октябрда эса Андижон шаҳрида ўтказиладиган ушбу тадбирлар АҚШнинг нуфузли Дана-Фарбер саратон институти (Dana-Farber Cancer Institute) ва Бригам ва хотин-қизлар шифохонаси (Brigham and Women’s Hospital) билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Моҳигул Қосимова, ЎзА