Ўзбекистонда ҳаво ифлосланишига нисбатан аҳоли муносабати қандай? — Тадқиқот натижалари тақдим қилинди
Сўнгги пайтларда ер юзида атмосфера ҳавосининг ифлосланиши энг долзарб экологик муаммолардан бирига айланиб бормоқда. Иқлим ўзгариши, саноат ривожи ва турли кўринишдаги чиқиндиларнинг кўпайиши кабилар билан чамбарчас ҳолда ҳаво таркиби ва сифати ўзгариб бораётганини ўзимиз кузатиб, гувоҳи бўлиб турибмиз. Чунки бу муаммо Ўзбекистон учун ҳам бегона эмас. Айниқса, ўтган 2025 йилда дунё бўйича пойтахтимизда бир неча маротаба энг ифлос ҳаво қайд этилди.
Мамлакатимизда Жаҳон банки ҳамда Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон фуқароларини тинглаб” (L2CU) тадқиқоти ўтказиб келинмоқда. Мазкур тадқиқотда ҳаво ифлосланишига нисбатан аҳолининг муносабати ҳам сўровнома асосида ўрганилган. Ушбу тадқиқот натижаларига бағишланган тадбирда экспертлар сўровнома хулосаларини тақдим этди.

Тадқиқотчилар ва экспертларнинг айтишича, Ўзбекистонда атмосфера ҳавоси ифлосланиши ўрганилганда ифлосланиш омилларининг ярми Ўзбекистон ҳудудининг ўзига тўғри келса, қолган ярми қўшни ҳудудлардан кириб келадиган ҳаво оқими таркибидаги чиқиндиларга боғлиқ. Ҳаводаги чанг миқдори таҳлил қилинганда, тупроқ чангидан кўра кўпроқ саноат, энергетика ва иситиш тизимлари, автомобиллар ва қишлоқ хўжалигидан чиқадиган чанглар ҳиссасига тўғри келади.

Йил давомида ҳавонинг ифлосланиши бўйича энг кўп ифлосланиш кузатиладиган пайтлар қайси мавсумга тўғри келиши ҳақидаги сўровномаларда аҳолининг аксарияти қиш фаслини айтмаган. Аслида эса қиш кунларида, яъни иситиш тизимлари ишга тушган вақтларда ҳаво ифлосланиши энг юқори кўрсаткични қайд этади.
Шунингдек, респондентларнинг 45 фоизи энг кўп ифлосланишга чиқиндилар сабаб бўлади, деб ўйлашар экан. Аммо иситиш тизимлари энг асосий ифлосланиш манбаси ҳисобланади.
Тадқиқот натижаларига кўра, ҳавонинг ифлосланиши масаласида уй хўжаликларининг қарийб тўртдан уч қисми уни саломатлик учун жиддий хавф деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, давлат аралашувини қўллаб-қувватлаш даражаси юқори: уй хўжаликларининг 90 фоиздан ортиғи ифлослантирувчи технологияларни модернизация қилиш учун рағбатлантириш чораларини ҳамда барқарор инвестициялардан фойдаланиш имкониятини яхшилашни қўллаб-қувватлайди. 80 фоиздан ортиғи эса шахсан амалий ҳаракат қилишга тайёрлигини билдирган.
Ушбу натижалар мақсадли сиёсий чоралар ва молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларига нисбатан жамоатчилик томонидан аниқ талаб мавжудлигини кўрсатади.
Экспертлар тадқиқот натижаларидан келиб чиққан ҳолда атмосфера ҳавоси сифати учун жавобгарлик масаласида аҳоли ва давлат ҳамкорлиги, маҳаллий ҳокимликлар ва маҳалла даражасидаги саъй-ҳаракатлар муҳимлигини эътироф этди. Шунингдек, аҳоли хабардорлигини ошириш ҳам долзарб аҳамиятга эга эканлиги урғуланди.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда экологик сиёсат доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар атмосфера ҳавосини яхшилаш ва бошқа экологик муаммолар таъсирини камайтириш ва юмшатишга қаратилгани билан аҳамиятли. Бу соҳада ҳамкорликдаги тадқиқотлар, илмий хулоса ва таҳлиллар эса амалий саъй-ҳаракатлар самарадорлигини таъминлашга замин бўлади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА