Ўзбекистонда фиджитал спорт мусобақалари оммалаштирилади
Кейинги йилларда халқаро спорт терминологиясида фиджитал спорт тушунчаси кенг оммалашди. Бу, жисмоний ва рақамли тушунчани ифодалайдиган ўйинлар мажмуаси бўлиб, ушбу йўналишда ўтказиб келинаётган “Келажак ўйинлари” комплекс мусобақаларининг кенг оммалашишига хизмат қилмоқда.
Жисмоний ва рақамли мусобақаларни бирлаштирган янги шаклдаги мазкур ўйинлар дунё спортида ўзгача кўриниш, руҳиятга эга мусобақалар об-ҳавосини олиб келди.
Мамлакатимизда ҳам ушбу йўналишдаги спорт ҳаракати йилдан йилга кенг оммалашмоқда. Мусобақалар ўтказилиши билан бирга юртимиз вакиллари халқаро турнирларда муносиб натижаларга эришиб келмоқда.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов "Келажак ўйинлари" лойиҳаси раҳбари Игор Столяров билан учрашувда фиджитал спорт бўйича Қозоғистон ва Бразилияда ўтадиган халқаро мусобақалар ҳамда ушбу йўналишдаги турнирларни Ўзбекистонда ҳам ташкил этиш борасида фикр алмашди.
Учрашув якунида спортнинг анъанавий турлари ва уларнинг рақамли муқобилларида ўтказиладиган юқори технологик фиджитал мусобақаларини янада оммалаштириш истиқболлари борасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Т.Рўзиев,
ЎзА