Ўзбекистонда “Better Work” дастурини амалга ошириш натижалари халқаро даражада юксак баҳоланди
Халқаро меҳнат ташкилотининг 114-сессияси доирасида Олий Мажлис Сенати Раиси, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия раиси Танзила Норбоева Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директори Жильбер Унгбо билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон ва ХМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, муносиб меҳнат, ижтимоий адолат тамойилларини янада илгари суриш ва аҳолининг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Жилбер Унгбо Ўзбекистон делегациясининг Халқаро меҳнат конференциясининг 114-сессиясидаги фаол иштирокини юксак баҳолади ҳамда мамлакатимизда меҳнат, бандлик ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини қайд этди.

Ўзбекистонда “Better Work” дастурини амалга ошириш натижалари эътироф этилди ҳамда етакчи халқаро брендлар ва инвесторлар учун мамлакатнинг жозибадорлигини оширишга қаратилган мазкур ташаббус доирасида ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
2026-2030 йилларга мўлжалланган муносиб меҳнат бўйича янги мамлакат дастурини келишиб олиш зарурлиги айтиб ўтилди. Институционал ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасидаги навбатдаги қадам сифатида Тошкентда ХМТ мамлакат офисининг очилиши муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон томонидан ХМТнинг ратификация қилинган конвенциялари тўлиқ бажарилишини таъминлаш ва меҳнат соҳасидаги халқаро мажбуриятларга риоя қилиш бўйича тизимли ишларни давом эттириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, ХМТ ташаббусларини минтақа даражасида илгари суришда Ўзбекистоннинг роли ортиб бораётгани қайд этилди.
Мамлакатимизнинг Бандлик ва ижтимоий ҳимоя бўйича глобал акселератор, Ижтимоий адолат учун глобал коалиция каби халқаро ташаббусларни амалга оширишга қўшган ҳиссаси эътироф этилди.
Учрашув якунида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш халқаро меҳнат стандартларини илгари суриш ва Ўзбекистоннинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишига хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Н.Абдураимова, ЎзА