Ўзбекистон зиёрат туризми Туркияда фаол тарғиб этилмоқда
Ўзбекистон туризм соҳасини ривожлантириш, айниқса зиёрат туризмини халқаро миқёсда тарғиб қилиш мақсадида амалга оширилаётган ташаббуслар нафақат мамлакатнинг бой тарихий ва маънавий меросини дунёга танитиш, балки иқтисодий ўсишга ҳам хизмат қилмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Истанбул шаҳрида ўтказилган “Умра плюс Ўзбекистон” лойиҳасининг кенг қамровли тақдимоти муҳим халқаро воқеага айланди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси, Туркий давлатлар ташкилоти, Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консуллиги, Умра сайёҳлик ташкилотлари ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Унда Туркиянинг етакчи сайёҳлик агентликлари, соҳа экспертлари ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этиб, икки мамлакат ўртасида туризм алоқаларини мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди.
“Умра плюс Ўзбекистон” лойиҳаси Умра зиёратини амалга ошираётган сайёҳларга Ўзбекистоннинг муқаддас масканлари, тарихий обидалари ва замонавий инфратузилмаси билан яқиндан танишиш имкониятини яратмоқда.
Бу лойиҳа диний туризмни маданий ва маърифий йўналишлар билан уйғунлаштиради. Натижада сайёҳлар фақат зиёрат билан чекланиб қолмай, Самарқанд, Бухоро ва Тошкент каби тарихий шаҳарларда жойлашган бой маданий мерос объектлари билан ҳам танишади.

Тақдимотда 50 дан ортиқ туркиялик етакчи сайёҳлик агентликлари вакилларининг иштироки Ўзбекистоннинг туризм бозори учун Туркия муҳим ҳамкор эканини яна бир бор тасдиқлади. Айниқса, диний туризм йўналишида Туркия орқали сайёҳлар оқимини жалб этиш стратегик аҳамиятга эга.
Тадбир давомида Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти, бой тарихий-маданий мероси ҳамда сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Хусусан, инфратузилмани ривожлантириш, визасиз режимларни кенгайтириш, транспорт алоқаларини яхшилаш каби омиллар мамлакатга бўлган қизиқишни оширмоқда.
Тақдимот доирасида Ўзбекистонда яқинда фойдаланишга топширилган Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Имом Бухорий мажмуаси ҳақида видеороликлар намойиш этилди.

Ушбу мажмуалар мамлакатнинг бой илмий-маърифий меросини акс эттирувчи йирик масканлар сифатида алоҳида эътироф этилди.
Бу объектлар нафақат зиёратчилар, балки илмий ва маданий туризмга қизиқувчи сайёҳлар учун ҳам муҳим манзилга айланмоқда. Натижада Ўзбекистон туризми янада диверсификациялашиб, турли аудиторияларни қамраб олиш имконига эга бўлмоқда.
Истанбулда ўтказилган мазкур тақдимот Ўзбекистоннинг зиёрат туризми соҳасидаги салоҳиятини халқаро майдонда намойиш этиш, янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва инновацион туризм маҳсулотларини илгари суришда муҳим қадам бўлди.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА