Ўзбекистон жаҳон матбуоти саҳифаларида
Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ички тараққиётни рағбатлантириш баробарида мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузини ҳам мустаҳкамламоқда. Шу боис кўплаб етакчи хорижий оммавий ахборот воситалари юртимизда иқтисодиётни модернизация қилиш, очиқ ва прагматик ташқи сиёсат юритиш, инвестиция ва туризм учун қулай муҳит яратиш каби устувор йўналишларда олиб борилаётган фаол саъй-ҳаракатларга эътибор қаратмоқда.
FAZ: Синдаровнинг тарихий ғалабаси

Германиянинг нуфузли “Frankfurter Allgemeine Zeitung” нашри ўзбекистонлик халқаро гроссмейстер Жавоҳир Синдаровнинг ФИДЕ номзодлар турниридаги тарихий натижасини алоҳида ёритди.
Нашр 20 ёшли шахматчимиз бутун турнир давомида барқарор ўйин кўрсатиб, рақибларини катта фарқ билан ортда қолдирганини эътироф этган. Унинг бу ютуғи замонавий форматда энг кучли натижалардан бири сифатида баҳоланган. Шу орқали Синдаров жаҳон чемпионлиги учун асосий даъвогар мақомини қўлга киритгани таъкидланади.
IDN Times: Хива – тарихий мерос ва замонавий туризм салоҳияти рамзи

Индонезиянинг “IDN Times” нашри Хива шаҳрини Ўзбекистоннинг энг қадимий ва маданий жиҳатдан бой шаҳарларидан бири сифатида таърифлайди.
Мақолада Ичан-қалъа мажмуаси кўҳна меъморчилик намунаси ва Шарқ цивилизацияси изларини сақлаб қолган тарихий маскан сифатида алоҳида тилга олинган. Шунингдек, Хива нафақат музей-шаҳар, балки замонавий туризм маркази сифатида ҳам тобора оммалашиб бораётгани қайд этилади.
Al Jarida: Ўзбекистон – Шарқ ва Ғарбни боғловчи стратегик ҳудуд

Кувайтнинг “Al Jarida” нашри Ўзбекистоннинг геосиёсий ўрни ва минтақавий аҳамияти ҳақида мақола эълон қилди.
Унда мамлакатимиз Марказий Осиёда муҳим транспорт ва савдо йўлида жойлашгани, шу орқали Шарқ ва Ғарб ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни боғловчи кўприк вазифасини бажараётгани таъкидланган. Шунингдек, очиқ ташқи сиёсат ва қўшни давлатлар билан фаол мулоқот Ўзбекистоннинг стратегик аҳамиятини янада ошираётгани қайд этилади.
Latin America News Agency: Цивилизациялар чорраҳасидаги Ўзбекистон

Лотин Америка ахборот агентлиги (LANA) Ўзбекистонни қадимий цивилизациялар ва замонавий тараққиёт уйғунлашган мамлакат сифатида таърифлайди.
Мақолада Самарқанд, Бухоро ва Хива каби шаҳарлар бой тарихий мероси ҳамда ўлкада амалга оширилаётган ислоҳотлар замонавий давлат қурилиши билан уйғун ҳолда ривожланаётгани таъкидланади. Шунингдек, диёримиз Шарқ ва Ғарб маданий алоқаларида муҳим марказ сифатида қайд этилган.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА